Афғонистонда Аёллар инқилоби бошланди

Олам

image

Жорий йилнинг 25 февраль куни Қобулда бир гуруҳ афғон аёллари томонидан Афғонистонда хотин-қизларнинг асосий ҳуқуқлари учун курашишга қаратилган Аёллар инқилоби бошлангани эълон қилинди. Бу ҳақда “Khaama Press” ахборот агентлиги хабар берди.

Ташкилотчилардан бири Дони Сафий сўзларига кўра, ҳаракат фуқаролар, айниқса, аёлларга нисбатан бўлаётган адолатсизликларга қарши курашишга қаратилган.

Сафийнинг айтишича, ҳаракат тарафдорлари орасида талабалар, ўқитувчилар ва аёллар ҳуқуқлари учун курашаётган бир неча собиқ давлат хизматчилари бор.

“Жамият фақат аёлларнинг ҳиссаси билан ривожланиши мумкин. Хотин-қизлар мамлакат тараққиётида муҳим роль ўйнашига қарамай, аёлларнинг ҳозирги Толибон ҳукуматида иштирок этишига рухсат берилмаяпти”, дейди Сафий.

2021 йилда “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни қайтариб олганидан бери афғон қизлари ва аёллари мактаб, иш ҳамда жамоат жойларига кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. 

Бундан ташқари, ўтган йилнинг декабрь ойидан бошлаб афғон аёлларининг гуманитар ташкилотда ишлашига тақиқ қўйилгани мамлакатдаги гуманитар дастурларга янада путур етказди.

Бироқ Афғонистон Муваққат ҳукумат – “Толибон” матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид бу даъволарни рад этиб, Афғонистонда аёллар ва қизларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини ва халқаро ҳамжамият аёллар мавзусида ҳозирги маъмуриятга босим ўтказишдан тийилиши кераклигини айтган.

“Улар буни сиёсий воситага айлантириб, босим воситаси сифатида ишлатмасликлари керак”, дейди Мужоҳид.

Афғонистондаги талаба қизлар бир неча бор “Толибон”ни қизлар учун мактабларни имкон қадар тезроқ очишга чақирган. 

“Биз ҳозирги ҳукуматдан мактаблар, мадрасалар ва қизлар учун барча ўқув марказларини қайта очишни сўраймиз”, дейди талаба Наргис Ниёзий.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Аёллар инқилоби

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг