Афғонистонда ҳар ўнинчи одам наркотик моддаларга қарамликдан азият чекмоқда
Олам
−
02 Январь
3525Афғонистонда ҳар ўнинчи аҳоли вакили наркотик моддаларга қарамликдан азият чекмоқда. Бу ҳақда Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматнинг наркотик моддалар билан курашиш бўлими вакили Абдул Раҳмон Қосимий маълум қилди.
“Афсуски, бу муаммо бизнинг жамиятимизда бошқа давлатлардагидан кўра кўпроқ тарқалган. Ҳар ўнинчимиз гиёҳванд ва мутахассисларнинг тахминига кўра, мамлакатимизда тўрт миллионга яқин наркотик моддаларга қарам инсонлар бор. Ҳар бир наркотик моддаларга қарам одам билан камида етти киши, асосан унинг оила аъзолари азият чекмоқда”, деди Қосимий.
Қобулдаги “Ағуш” номли наркологик реабилитация марказида сўзлаган Қосимий ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб, Афғонистонда миллионлаб одамлар ҳали ҳам наркотик моддалар истеъмол қилишини ва уларнинг минглаб қисми даволаниш жараёнида эканини маълум қилди.
“Сўнгги уч йилдан ортиқ вақт ичида 100 мингдан ортиқ гиёҳванд даволанди ва уларнинг 95 фоизи тузалди”, деди Қосимий.
Шунингдек, унинг билдиришича, Афғонистонда наркотик моддаларнинг етиштирилиши ва ноқонуний савдоси нолга туширилган ва наркобизнесга қайтишга уринишларга қарши қатъий чоралар кўрилмоқда.
Наркотик моддалар билан курашиш бўйича яна бир вазир ўринбосари Абдул Ҳақ Ҳамкорнинг таъкидлашича, Қобулдаги “Ағуш” марказида 5 минг нафар наркотик моддаларга қарам бемор даволанмоқда. Уларга бепул таълим ҳам берилмоқда. Расмий Афғонистоннинг барча вилоятларида наркотик моддаларга қарам инсонларга ёрдам кўрсатиш жараёни бошлангани ва барча гиёҳвандлар учун зарур реабилитация чоралари кўрилишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2022 йил Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати томонидан жорий этилган тақиқ амалда бўлса-да, 2024 йил Афғонистонда кўкнори экиш 19 фоизга ошиб, экин майдони тахминан 12,8 минг гектарга етгани хабар қилинган эди. Бироқ ўсишга қарамай, экин майдонлари “Толибон” ҳокимиятга келишидан олдинги даражага нисбатан паст даражада сақланмоқда. Масалан, 2022 йилда бу майдон 232 минг гектарни ташкил этган бўлса, 2023 йилда у 95 фоизга қисқарган.
LiveБарчаси