Афғонистон ва Покистон тўқнашувида 50 дан ортиқ аскар ҳалок бўлди

Олам

image

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги чегарада жанговар тўқнашувлар кучайиб, ўнлаб одамлар ҳалок бўлди. Бу ҳақда икки томондаги манбаларга таяниб, “Tolo News” хабар берди.

Афғонистон номидан сўзлаган “Толибон” ҳаракати вакили Забиҳулло Мужоҳиднинг маълум қилишича, 58 покистонлик аскар ўлдирилган, шунингдек, 20 та покистонлик чегара пости вақтинча эгаллаб олинган. Мужоҳиднинг айтишича, бу “жавоб зарбалари” бўлган, аммо жангларда 9 нафар афғон аскари ҳам ҳалок бўлган.

Покистон томони бу рақамларни тасдиқламаган, бироқ маҳаллий ОАВ ҳар икки томонда ҳам кўплаб қурбонлар борлигини билдирган. Покистон ҳарбийлари, ўз навбатида, 19 та афғон чегара пости устидан назорат ўрнатганини даъво қилган.

Тўқнашувлар 10 октябрь атрофида бошланган. “Толибон” Покистонни Афғонистон ҳудудига ҳаво ҳужумлари уюштирганликда айблаган. 9 октябрь куни Қобул ва жануби-шарқий вилоятларда портлашлар бўлиб ўтганидан сўнг, Афғонистон Покистонни суверенитетини бузишда айблаган. Исломобод эса бундай ҳужумларни рад этган. 

Қайд этиш жоиз, Покистон расмийлари сўнгги йилларда ўз ҳудудида содир бўлган кўплаб аскарлар ўлимида “Толибон”ни айблайди. 

11 октябрь оқшомида Покистон томонининг маълум қилишича, афғон кучлари бир неча чегара нуқталарида ўт очган. Жанглар Хайбер-Пахтунхва вилоятидаги Читрал шаҳри ҳамда Балужистондаги Бахрамча атрофида кечган.

Покистон бу ҳужумларга жавобан оғир артиллерия, танклар, дронлар ва жанговар самолётлардан фойдаланган. Шу билан бирга, мамлакатнинг Ҳиндистон билан шарқий чегарасида ҳам ҳарбий тайёргарлик даражаси оширилгани хабар қилинган. Исломобод Нью-Деҳли вазиятга аралашишидан хавотирда.

Маълумот учун, Покистон ва Афғонистон ўртасидаги 2 400 км узунликдаги чегара 1893 йилда чизилган бўлиб, ҳали ҳам баҳсли ҳудуд ҳисобланади. Вазият кескинлашгани ортидан Қатар, Саудия Арабистони ва Эрон икки томонни тинчликка ва сабр-тоқатга чақирган.

Покистон ядро қуролига эга давлат ҳисобланади. Турли манбаларга кўра, унинг арсенали 60 дан 170 тагача ядро каллакларини ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ  “Толибон” муваққат ҳукумати аъзоси – ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий Ҳиндистонга расмий ташрифи чоғида Покистон Афғонистонга нисбатан тажовуз қилса, бунинг оқибати оғир бўлиши ҳақида огоҳлантирганди. Вазирнинг сўзларига кўра, Афғонистон томони “мулоқот учун эшикни очиқ қолдирган”, Покистон эса “ўз муаммоларини ўзи ҳал қилиши керак”.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Покистон Толибон Забиҳулло Мужоҳид

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг