Афғонистон Ўзбекистонга электр учун қарзини тўладими?

Жамият 14335
image
-

Ўзбекистон 2021 йилда Афғонистонга 2 151,3 млн кВт.соат электр энергияси етказиб берган. Бунинг учун “Da Afghanistan Breshna Sherkat” энергетика компанияси томонидан тўловлар тўлиқ амалга оширилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, 2021 йил учун Афғонистоннинг Ўзбекистондан электр энергияси бўйича қарздорлиги мавжуд эмас.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва DABS компанияси ўртасидаги шартномага кўра, Ўзбекистон жорий йилда Афғонистонга 2 210,0 млн кВт.соат электр энергияси етказиб бериши белгиланган. Январ-июн ойларида қўшни мамлакатнинг электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда 770,2 млн кВт.соат электр энергияси етказиб берилган.

“Бугунги кунда етказиб берилган электр энергияси учун тўловлар компания томонидан доимий равишда амалга оширилмоқда.

Ёзги мавсумда Афғонистон Тожикистон энергетика тизимига уланиши сабабли жорий йил 14 апрелдан Ўзбекистондан электр энергиясини қабул қилиш тўхтаган”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон 2002 йилдан бошлаб Афғонистонга электр энергияси етказиб бермоқда. Дастлабки йилларда 10 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларининг технологик имкониятларидан келиб чиққан ҳолда “Da Aghanistan Breshna Sherkat” (DABS) компанияси билан тузилган шартномалар бўйича электр энергияси етказиб берилган.

2009 йилда иккита 220 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларининг қурилиши якунланиб, ишга туширилганидан сўнг, Афғонистонга 430 МВтгача қувватда электр энергияси етказиб берилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Афғонистон Ўзбекистондан электр энергияси учун 10 миллион доллардан ортиқ қарздор эди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 463
Рейтинг: 3.1
t
×