Афғонистон ИШИД учун асосий марказга айланди – WP

Олам

image

АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан бир ярим йил ўтиб, Афғонистон ИШИДнинг асосий марказига айланди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган Пентагон махфий ҳужжатларига таяниб, “The Washington Post” хабар берди. 

Айтилишича, террорчилар кимёвий қурол яратилиши ва дронларни назорат қилиш ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилган. Шунингдек, ИШИД Афғонистонда Европа ва Осиёда терактлар уюштиришни режалаштираётгани таъкидланган. Хусусан, улар элчихоналар, черковлар, бизнес марказлари яқинида, шунингдек, Қатардаги жаҳон чемпионатида режалаштирилган. Террорчилар Бельгия ёки Франциядаги ироқлик дипломатларни ҳам ўғирламоқчи бўлган ва 4000 жангчини озод қилишни талаб қилган.

АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, ИШИД ташқи операциялар учун тежамкор модел ишлаб чиқмоқда. Бу модел Афғонистондан ташқаридаги ресурсларга таянади. Қўшма Штатлар фикрича, бу террорчиларга махсус хизматлар томонидан яратилган тўсиқларни енгиб ўтиш ва ҳужумларни тўхтатиш эҳтимолини минималлаштириш имконини беради.

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот хизмати раҳбари Адрианна Уотсон эса Қўшма Штатлар Афғонистонда доимий қўшинлари бўлмаган ҳолда ҳам террорчиларни йўқ қилиш имкониятини сақлаб қолганини айтди. Унинг таъкидлашича, терроризмга қарши операциялар келажакдаги таҳдидларга ҳар қандай жойда қарши туриш учун қайта ташкил этилади.

Пентагондаги манбанинг айтишича, ИШИД томонидан ҳужумлар сони муттасил ортиб бормоқда, бироқ уларнинг аксарияти амалга оширилмаган. Унинг фикрича, Афғонистонни назорат қилаётган “Толибон” ташкилотни тўхтатувчи омил бўлиб хизмат қилади. 

Ўз навбатида, “Толибон” ҳаракати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Пентагоннинг Афғонистон АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан бир ярим йил ўтиб ИШИДнинг асосий марказига айлангани ҳақидаги маълумотлари сохта эканини айтган.

“АҚШ Мудофаа вазирлигининг сохта ҳужжати Афғонистонга қарши давом этаётган ташвиқот кампаниясининг бир қисмидир. Бундай асоссиз айбловлар ва ҳужжатларнинг эълон қилиниши афғонларнинг тинч яшашини истамайдиган разведка идораларининг иши”,  деб ёзди “Толибон” вакили Twitter'да.

Унинг даъво қилишича, афғон ҳукумати мамлакат устидан тўлиқ назорат ўрнатган ва ҳеч кимга Афғонистондан бошқа давлат хавфсизлигига қарши фойдаланишига йўл қўймайди. Шунингдек, у ИШИД каби террорчи гуруҳлар Афғонистонда “Толибон” хавфсизлик кучлари уларга қарши кураш олиб бораётганидан “жиддий зарар кўрган” деб ишонтирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ ИШИД Толибон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг