Афғон-тожик чегарасидаги вазият таранглашди. Имомали Раҳмон хавотирда
Олам
−
14 Октябрь 2022
17639Тожик-афғон чегарасининг бутун периметри бўйлаб вазият янада мураккаблашди. Бу ҳақда бугун, 14 октябрь куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон “Марказий Осиё-Россия” саммитида айтиб ўтди.
Имомали Раҳмоннинг таъкидлашича, Марказий Осиёда гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғ айланмаси сезиларли даражада ошган. Унга кўра, Тожикистон яқинида кескинликни кучайтириш учун кўприклар яратилмоқда.
“Тожик-афғон чегарасининг бутун периметри бўйлаб вазият янада мураккаблашди. Минтақамизда гиёҳвандлик воситалари ва қурол-яроғ айирбошлаш кўп марта ошди. Бизнинг яқин атрофимизда радикал экстремистик мафкуранинг кучайиши учун трамплин яратилмоқда”, дейди Тожикистон раҳбари.
Шунингдек, у Тожикистон Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш учун инфратузилмани тақдим этишга тайёрлигини айтди. Расмий Душанбе Россия Федерациясининг Марказий Осиёда олти томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббусини олқишлайди.
“Тожикистон энг яқин қўшни сифатида Афғонистонни терроризм, урушлар ва гиёҳванд моддалардан холи тинч давлат сифатида шакллантириш тарафдори бўлган ва бўлиб келади. Биз Афғонистон халқига мақсадли инсонпарварлик ёрдамини етказиш учун барча манфаатдор мамлакатларга чегара инфратузилмамиз ва логистика имкониятларини тақдим этамиз”, дейди Имомали Раҳмон.
Раҳмон, шунингдек, Тожикистон Марказий Осиё ва Россия Федерацияси ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилиш тарафдори эканини айтди.
“Бу борада биз мамлакатларимиз салоҳиятини мустаҳкамлаш ва шу тариқа “Афғон омили”нинг минтақа хавфсизлигига салбий таъсирини бартараф этиш учун бир-биримизга ёрдам кўрсатиш борасида амалий ҳамкорлик тарафдоримиз”, деган у.
Унинг сўзларига кўра, жангариларни ёллаш каналлари масаласида минтақа давлатлари ва Россия Федерацияси махсус хизматлари ҳамкорлик қилиши зарур.
“Биз ёллаш каналларини аниқлаш ва ҳибсга олишда яқинроқ ҳамкорликни йўлга қўйишимиз керак. Биз минтақада радикаллашув тарқалишига қарши биргаликда курашишнинг мавжуд механизмларини ишлаб чиқиш ва янги механизмларни яратиш мақсадида махсус хизматлар ва ваколатли органлар ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш тарафдоримиз”, дейди Раҳмон “Марказий Осиё-Россия” саммитида сўзлаган нутқида.
Маълумот учун, “Марказий Осиё-Россия” форматидаги саммит бугун, 14 октябрь куни биринчи марта Остона шаҳрида ўтказилди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15