Адвокатлик қилиш шарт эмас – Олий суд Бўстонлиқдаги “снос” масаласи бўйича расмий баёнот берди

Жамият

Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “снос”, яъни бузилаётган бинолар ҳақида маълум қилган эдик. Аниқроқ айтадиган бўлсак, (бу расмий маълумотларга асосланган) туманда 396 та турар ва нотураржой бинолари ноқонуний тарзда қурилгани, 574 та ҳолатда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари аниқланган.

Бунга мисол қилиб, “Ғазалкент-Чимён” автомобиль йўлининг Главасой қишлоғи ҳудудидаги мактабнинг фойдаланилмасдан турган ёрдамчи биноси ушбу ҳуддудда яшовчи фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, “Угам” дарёси ҳудудида 150 та ҳолатда 16,7 гектар ер майдони ҳамда объекти бор 2,6 минг метр квадрат майдон тўлиқ хатловдан ўтказилганини мисол қилиб келтириб ўтса бўлади. Бу рўйхатни янада давом эттириш мумкин.

Мазкур масала билан боғлиқ ҳолатда 8 та жиноят иши қўзғатилган ва бу жараён давом эттирилмоқда.

Тумандаги ўзбошимчалик билан амалга оширилган қурилишларни ўз кўзи билан бориб кўрган Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров ҳам қоралади. У қурилишлар бетартиб амалга оширилганига эътибор қаратди.

Аммо у ерга борган Олий суд раиси ўринбосарининг ташрифи ва билдирган фикрлари кенг жамоатчилик, хусусан, журналист ва блогерларнинг кескин фикрларига сабаб бўлди.

Мана шу мавзу юзасидан бугун, 6 июль куни Олий суд ўз муносабатини билдирди.

Олий суд Матбуот хизматининг таъкидлашича, Бўстонлиқ туманига уюштирилган пресс-тур ташкилотчиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди эмас. 

“Айни тадбирдан кўзланган асосий мақсад аҳолига холис ва ҳаққоний ахборот етказиш, бу жараёнда ноқонуний қурилмаларни бузиш юзасидан Олий суд судьялари томонидан қабул қилинган суд қарорларига тушунтириш бериш бўлгани боис, Олий суд раҳбарияти ташкилотчи-ишчи гуруҳининг, пресс-тур иштирокчилари бўлган журналист ва блогерларнинг қатъий талабига кўра, иштирок этиш ҳақидаги таклифни (янаям аниқроғи, хабарни) қабул қилди.

Қолаверса, суд ҳужжатларига тушунтириш бериш суднинг тўғридан-тўғри ваколатига киради. Шунга қарамай ҳуқуқий тушунтиришларни гўёки суд органи ижроия ҳокимиятига “адвокатлик қилиш” тариқасида талқин қилиб, бу ҳақда ижтимоий тармоқлар орқали бонг уриш, юмшоқ қилиб айтганда, масъулиятсизлик ва “оқ”ни “қора”  дейишдан бошқа нарса эмас”, дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, Бўстонлиқдаги айрим қурилмаларни бузишга оид низолар ўша жойнинг ўзида, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилмоқда.

“Аслида сайёр суд мажлислари томонларга қулайлик яратиш мақсадида ташкиллаштирилади. Бироқ ўтказилган сайёр суд мажлислари моҳиятини тўғри тушунмай, кенг жамоатчиликка судьяларни, гўёки “ҳашарга келган шахс” сифатида талқин этишни бир томондан, ҳуқуқий саводсизлик, иккинчи томондан, суд обрўйига путур етказишга уриниш, деб баҳолаш мумкин”, дейилади Матбуот хизмати хабарида.

Маълум қилинишича, низоларни биринчи инстанцияда Олий суд томонидан кўриб чиқилаётгани – суд қарорларига нисбатан томонларнинг  шикоят бериш ҳуқуқини чекламайди ва бу пресс-тур жараёнида масъул шахслар томонидан алоҳида қайд этилган.

Хўш, бузилиши белгиланган қурилмаларга оид ҳужжатлар қалбакилаштирилганмиди?

Бу масалада Олий суд томонидан тақдим этилган муносабатда шундай дейилади:

“Амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибга риоя қилмасдан эгаллаб олинган ер участкалари ва бажарилган қурилишларни бузишдан ўзгача тартиб белгиланмаган. Суд қарорлари асосида бузилиши белгиланган қурилмаларга оид ҳужжатлар қалбакилаштирилгани, бунинг ортидан ўнлаб шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, бир қанча шахслар ҳибсга олингани инкор этиб бўлмайдиган фактдир”.

Муносабатда келтирилишича, суд қарори билан бузилиши белгиланган иморатларнинг биронтаси одам яшаётган хонадон эмас, балки аксарияти қуриб биткизилмаган қурилмалар, битказилгани ҳам дала ҳовлиларни ташкил этади.

Олий суд ушбу масалага яна бир бор тўхталар экан, жумладан, шундай дейди:

“Ушбу қурилмалар қалбаки ҳужжатлар асосида 2019 йилнинг охирига келиб қуриб бошланганига шубҳа-гумон билан қараганлар “Сил касалликлари сиҳатгоҳи”га тегишли ерни талон-тарож қилинишига панжа орқасидан қараётган муассаса раҳбари ёки ўзи ҳам ўзбошимчалик билан уй қуриб олган маҳалла раисидан сўраб юрмасдан, жиноят иши ҳамда фуқаролик иши материаллари билан танишиб чиқишса, бинолар қачон қурилганини аниқ билмоқчи бўлганлар низоли ер майдонинининг интернет тармоғининг “google maps” тизими орқали аниқлаши мумкин (пресс-турда Олий суд раҳбарияти томонидан иштирокчиларга планшетда кўрсатилган йилма-йил маълумот)

Энг афсусланарли жиҳати шундаки, бавтафсил сўраб-суриштирмасдан, масалани ҳар томонлама ўрганмасдан кенг жамоатчиликка нотўғри ва нохолис маълумот берилаётгани ва уларда норозилик кайфиятини юзага келтирилаётганидадир.

Олий суд томонидан ушбу баёнотни беришдан мақсад кимлар биландир матбуотда тортишиш, баҳс-мунозарага киришиш эмас, балки ҳақиқий ҳолатни кўрсатишдан иборатдир”.


Мақола муаллифи

Теглар

Олий суд Бўстонлиқ

Баҳолаганлар

121

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг