“Адвокатлар масаласи”. Бош прокурор вазиятни шахсан назоратга олди

Жамият

image

Адвокат А.С.Пашковский Facebook ижтимоий тармоғи орқали Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори билан бўлиб ўтган учрашуви тафсилотлари ҳақида ёзган. Бу ҳақда «Advokatnews.uz» хабар бермоқда

“Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг зиммасидаги иш ҳажмидан келиб чиқиб, у тергов ва суриштирув органлари мансабдорлари ёки судлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари устидан қилган шикоятлари бўйича адвокатларни қабул қилишга имкон топа олмайди деб ҳисоблаган эдим, — дейди ўз мурожаатида адвокат А.С.Пашковский. — Аммо аслида бундай эмаслиги маълум бўлди. Мен 2019 йил бошида дастлабки тергов ва тергов ҳибсхонаси мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан бир неча маротаба процессуал шикоятлар берган эдим. Шунга кўра 2019 йилнинг 8 февраль куни Бош прокурор Отабек Баҳритдинович мени ўзининг қўл остидаги раҳбар ходимлари билан биргаликда шахсан қабул қилиб, шикоятим мақсадини диққат билан эшитди ҳамда айрим ўринларига аниқлик киритиб олди. Шундан сўнг шикоят қилинган ҳуқуқ-тартибот органлари мансабдор шахсларига нисбатан зудлик билан тегишли чоралар кўрилиши тўғрисида қабулда иштирок этаётган ваколатли ходимларига кўрсатма берди. Уларнинг зиммасига адвокатларнинг касбий фаолиятига доир ҳуқуқлари бузилиши бўйича тушган ҳар қандай шикоятлари ҳақида Бош прокурорга шахсан ҳисобот бериш ва уларни зудлик билан ўрганиб чиқиб, айбдорларга нисбатан жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўриш вазифаларини юклади. Шунингдек, Бош прокурор шу пайтдан бошлаб адвокатларнинг касбий ҳуқуқлари ўз назоратида бўлишига ва унга риоя этилмаслиги юзасидан хавотирга ўрин йўқлигига мени шахсан ишонтирди”.

Аввалроқ, жорий йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси сайтида адвокатларнинг касбий фаолиятларига дахл қилиниши юзасидан ўтказилган аноним сўровнома асосида тайёрланган маълумотнома эълон қилингач, аввалига мазкур маълумотнома ҳақидаги хабарлар, кейин эса унга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан билдирилган муносабатлар ОАВда кетма-кет ёритилган ва бу ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамага сабаб бўлган эди. 

Шундан сўнг Адвокатлар палатаси сайтида яна бир хабарнома пайдо бўлди. Унда, жумладан, Бош прокурор ва Адвокатлар палатаси раиси ўртасида учрашув бўлиб ўтганлиги маълум қилиниб, бундан кейин адвокатларнинг касбий фаолиятларига доир ҳуқуқларнинг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар Адвокатлар палатаси раиси билан биргаликда Бош прокурор томонидан ҳам шахсан назоратга олиниши таъкидланди.

Адвокатлар палатаси сайтида эълон қилинган мурожаатномада адвокат А.С.Пашковский ушбу ваъданинг қанчалик ҳақиқат эканлигига ўз мисолида гувоҳ бўлганини баён қилар экан, бунинг учун Бош прокурорга миннатдорчилик билдиради ва айни пайтда Олий суд раиси томонидан ҳам худди шундай йўл тутилиб, суд тизими ходимлари томонидан адвокатларнинг касбий ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини назоратга олиш ва бартараф этиш учун уларни шахсан қабул қилишни ташкил этишига умид билдиради.

Шунингдек, адвокат ўз ҳамкасбларини ҳам фаолликка ундаб, фаолиятлари давомида касбий ҳуқуқларига турли идоралар мансабдор шахлари томонидан дахл қилинганида сусткашлик қилмасдан, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли процессуал ҳаракатларни амалга оширишга, бу йўл билан масала ҳал бўлмаганида эса бу ҳақда Бош прокуратурага мурожаат қилишга чақиради. Айни пайтда бу жараёнда адвокатлар ўзларининг ва раҳбариятнинг қимматли вақтларини ҳурмат қилишлари лозимлигини ҳам таъкидлайди.
 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Отабек Муродов

Баҳолаганлар

30

Рейтинг

3.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг