АДУдаги мажлисга келиб, 4-қаватдан тушиб кетган аёл вафот этди
3-саҳифа
−
11 Декабрь 2021
10518Аввалроқ, Андижон давлат университетига ота-оналар мажлисида иштирок этиш учун келган аёл университетнинг тўртинчи қаватидан тушиб кетганлиги ҳақида хабар берган эдик. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали реанимация бўлими шифокорининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича аёл кеча, 10 декабрь куни вафот этган.
Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 4 декабрь куни соат 14:00 атрофида Андижон давлат университетининг 1000 ўринли биносининг 4-қаватидан аёл киши эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетган.
Ҳолат қуйидагича содир бўлган. 4 декабрь куни ижтимоий-иқтисодиёт факультети талабалари ота-оналари учун мажлис ўтказилган. Мажлис университетнинг 1000 ўринли биноси 4-қаватида жойлашган кичик мажлислар залида бўлиб ўтган. Унда иштирок этган талабалардан бирининг келинойиси йиғилиш бўлаётган вақтда телефон бўлиб қолгани сабабли йиғилишдан чиқиб, телефонда суҳбатлашган.
Айни шу қаватда бинонинг зиналарини янгисига алмаштириш учун эскиси олиб ташланиб, янгисини ўрнатиш ишлари кетаётган бўлган. Аёл телефонда суҳбатлашиш жараёнида қурилиш бўлаётган ҳудудни англатувчи белги ва тўсувчи тасмаларга аҳамият бермасдан зинапоя томонга юрган ва эътиборсизлик натижасида тушиб кетган.
Шифокорнинг сўзларига кўра, аёл оғир тан жароҳатлари оқибатида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, кеча 10 декабрь куни соат 3:00 ларда вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, университет биносида таъмирлаш ишларини олиб бораётган “S.Haus” МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган эди.
LiveБарчаси