Адлия вазирлигининг иши “Кариб денгизи қароқчилари” фильмидаги саҳнани эслатди

Таҳлил

image

Давлат ташкилотлари орасида Адлия вазирлиги тизимига ҳурматим чексиз. Руслан Давлетов бошчилигида тизимда амалга оширилган ўзгаришлар таҳсинга сазовор. Буни шахсан бир неча бор эътироф этганман ҳам. Лекин ютуқлар доимгидек ўзимизда қолади. Камчиликларни айтиб мукаммалликка интилаверамиз.

Жорий йилнинг 7 ноябрь санасида “Олий судгача югуртирилган тадбиркорлар. Фарғона шаҳар ҳокимлиги нега мулкни тортиб олмоқчи бўлди?” номли мақолам эълон қилинганди. Унда Фарғона шаҳар ҳокимлиги томонидан “Constant Trading” МЧЖга қарашли мулк ноқонуний равишда тортиб олинаётгани айтилганди. Фарғона вилоятида бўлиб ўтган судларда ютқазган жамият Олий судга келиб ютганди.

Олий судда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлардан вакиллар келиб жамият фойдасига фикрлар билдирганди. Олий судда ютқазганидан кейин шаҳар ҳокимлиги ўз сайтида мақолага  юридик фактларга асосланмаган баёнот берди.

Шундан сўнг, Kun.uz таҳририятида мазкур мақолага “Фарғона шаҳар ҳокимлигининг тадбиркорга қарши режалари: ҳокимлик кимни алдамоқчи?” номи остида муносабат берилди. Унда шаҳар ҳокимлигининг хатти-ҳаракатлари ноқонуний экани асослантирилиб, айни вақтда жамиятнинг Фарғона шаҳар ҳокими 2019 йил 19 сентябрда чиқарган 965-сонли қарорни ҳақиқий эмас топиш тўғрисидаги аризаси Қува туман маъмурий судида кўриб чиқилаётгани таъкидланганди.

Иш жорий йилнинг 3 декабрь санасида Қува туман маъмурий суди судьяси А.Жумаев томонидан кўриб чиқилди. Суд мажлисида тадбиркорни қўллаб-қувватлаб Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва бошқа ташкилотлардан вакиллар қатнашганди. Шунингдек, судда Kun.uz сайти мухбири ҳам кузатувчи сифатида иштирок этганди.

Судья А.Жумаев ишни холис ва ҳар тарафлама кўриб чиқиб уни тадбиркорнинг фойдасига ҳал қилганди. Яшасин одил суд, дея жар солиниш вақти келгач эса орада бир ташкилот пайдо бўлиб қолди.

Жорий йилнинг 4 декабрь санасида Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Адҳам Турдиевнинг материали Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги ва бошқа ОАВларда эълон қилинди. Унда, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатига чек қўйиш мақсадида Фарғона шаҳар ҳокимининг қарорини бекор қилиш бўйича Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 30 ноябрда 1-11/25-1771/8-сонли тақдимнома киритилиб, унинг ижроси назоратга олинди. Манбаларга кўра, бу маълумот айнан 4 декабрь куни оммавий аҳборот воситаларига чиқариш учун тарқатилган.

Биз “Constant Trading” МЧЖнинг судлардаги ишончли вакили билан боғландик. У қуйидагича гапирди:

“Ўша куни судда Адлиядан ҳеч ким йўқ эди. Қарорни олгач, бизнинг манфаатимиз юзасидан борган барча ташкилотлар ва ишни холис кўрган судга ўз миннатдорчилигимизни билдирмоқчи эдик.

Лекин Адлия вазирлигининг бу иши ғалати чиқди. Барча ишни қилган ташкилотлар қолиб, Адлия ўзини “пиар” қилгандек гўё. Бу хабарни эшитган киши фақат Адлия сабаб бу иш ижобий ҳал бўлибди-да, деб ўйлайди.

Энг қизиғи, шу йилнинг октябрь ойида Адлия вазирлигининг 1008 ишонч рақамига боғланиб, бизнинг шаҳар ҳокимлиги билан боғлиқ муаммоимиз катталашаётганини айтиб, амалий-ҳуқуқий ёрдам сўраганман. Улар эса мурожаат тегишлилиги бўйича Фарғона вилоятидаги Адлия тизими томонидан кўриб чиқилишини оғзаки билдирганди. Шу билан мурожаатимиз ерда қолиб кетди. Ўтган 6-7 ой вақт ичида бўлиб-ўтган 20га яқин суд мажлисларида ҳам қатнашишмаган. Бўлмаса, ҳамма ерда (ОАВ ва ижтимоий тармоқлар назарда тутилмоқда) гапириб келаётган эдик”, деди жамият ишончли вакили.

Юқоридаги ҳолатдан сўнг, бизда ўз-ўзидан бир нечта саволлар пайдо бўлди. Нега Адлия вазирлиги 30 ноябрь санасида киритган тақдимномасини 4 декабрь санасида эълон қилди? Суд қарори 3 декабрь кунида тушликдан сўнг қабул қилинганди. Нега айнан иш судда кўриб бўлингунча кутилди? Ёки суд қарори ҳокимлик фойдасига ҳал этилганда, бу баёнот эълон қилинмасмиди? Бу хабар ўз вақтида эълон қилинганда, шунча саволлар бўлмасмиди, балки. Ишингизни кўрсатмоқчи бўлсангиз, жамиятда бўлаётган барча ноҳақликларга ўз вақтида муносабат билдиринг. Кутманг!

Бу кутишлар менга “HOLLYWOOD”нинг “Кариб денгизи қароқчилари” биринчи фильмини эслатиб юборди. Унинг сўнгги дақиқаларида ҳукумат аскарлари ва қароқчилар урушаётган саҳна бор. Ўлмаслик тавқи лаънати ўз кучини йўқотиб, уруш тугаб, қароқчилар аскарларга таслим бўлади. Шу пайт ичкаридан ҳамма қатори “Ура!” дея бир амалдор чиқиб кела бошлайди. Ваҳоланки, у жанг вақти ичкарига беркиниб олганди. Нима демоқчи эканимни тушунган бўлсангиз керак. 

Айтганча, иккала ишда иштирок этган Олий суд судьялари, Қува туман маъмурий суди судьяси А.Жумаев ва бошқа ташкилотлар вакилларига жамият таъсисчилари алоҳида ташаккурларини билдиришди.


Мақола муаллифи

Теглар

Адлия вазирлиги Олий суд Жумаев

Баҳолаганлар

218

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг