Адабиёт бўйича Нобель мукофоти кимга берилгани маълум бўлди 

Олам

image

Адабиёт бўйича 2021 йилги Нобель мукофотига Занзибарда туғилган ва Буюк Британияда фаолият юритган Абдулраззоқ Гурна сазовор бўлди. Бу ҳақда Нобель қўмитаси хабар берди. 

Таъкидланишича, ёзувчи мукофотни “мустамлакачилик оқибатлари ва қочқинлар тақдири тўғрисида муросасиз ва раҳмдил тушунча” ҳамда “маданиятлар ва қитъалар орасидаги “жарлик”ни” тадқиқ қилгани учун олган. 

21 ёшида бошлаган карьераси давомида Гурна қочқинлар ҳақида ўнта роман ва бир нечта ҳикоялар нашр этган. 

Нобель қўмитаси 1994 йилда нашр этилган “Жаннат” романини ёзувчининг ютуқли иши деб атаган. Бундан аввал, китоб Букер ва Уитбред мукофотларининг қисқа рўйхатига киритилган эди. 

Қўмита аъзолари, шунингдек ёзувчининг “Саҳро” ва “Охират ҳаёти” романларини алоҳида таъкидлаган. 

Маълумот ўрнида, Гурна 73 ёшда. У Буюк Британияга 1960-йилларнинг охирида қочқин сифатида келган. Ёзувчи нафақага чиққунга қадар Кентерберидаги Кент университетида инглиз тили ва постколониал адабиёти профессори бўлган. 

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти америкалик шоира Луиза Глюкка берилганди. 

Маълумот ўрнида, Тинчлик бўйича Нобель мукофоти лауреати эртага, 8 октябрь куни Ослода эълон қилинади. Иқтисодиёт бўйича мукофот эгаси 11 октябрда маълум бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Нобель адабиёт

Баҳолаганлар

91

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг