Абрамович Британиядаги мулкини сота олмайди – “Bloomberg”

Олам 4181
image

Россиялик тадбиркор Роман Абрамович Буюк Британия санкциялари остида бўлган пайтда ўз мулкини сота олмайди. Ҳозирда унинг Британия банкларидаги маблағлари музлатилган ҳолда қолмоқда. Бу ҳақда бугун, 9 август куни “Bloomberg” маълум қилди.

Қайд этилишича, Абрамовичнинг Кенсингтон ҳудудидаги қасри ва Лондондаги “Chelsea Waterfront” турар-жой мажмуасидаги пентҳаусини сотишнинг имконияти йўқ. 

Шунингдек, у “Evraz” тоғ-металлургия компаниясидаги улушини (28,64 фоиз) ҳам сотолмайди. Абрамович санкциялар рўйхатига киритилгач, компания акцияларининг Лондон фонд биржасидаги нархи 87 фоизга арзонлашди. Май ойида Буюк Британия ҳукумати “Evraz”га қарши санкциялар киритди ва унинг активларини музлатиб қўйди.

“Bloomberg” миллиардерлар индекси маълумотларига кўра, 24 февралда Россиянинг Украинага бостириб киришидан олдин Абрамовичнинг Лондондаги асосий активлари 4 миллиард фунт стерлинг (4,8 миллиард доллар)га баҳоланган. Улар ўша пайтдаги бизнесменнинг бутун бойлигининг деярли учдан бир қисмини ташкил қилган. 

10 март куни Абрамович Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилган эди. 15 март куни Европа Иттифоқи тадбиркорга нисбатан чекловлар киритди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 107
Рейтинг: 3
t
×