Абитуриентлардан апелляция шикоятларини қабул қилиш бошланди

Жамият 3188
image

Бугун, 28 сентябрдан олий таълим муассасасига кириш учун ўтказилган тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлардан апелляция шикоятини қабул қилиш бошланди.

Натижасидан норози абитуриентлар abitur.dtm.uz сайтидаги шахсий кабинетига кириб, онлайн равишда юборишлари керак.

Aпелляция шикоятини берган абитуриентларга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади. Aбитуриент хабарномада белгиланган вақтда ўзининг паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан Давлат тест марказига келиши шарт.

Aпеллация шикояти кўрилаётган абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест топшириқлари нотўғри бажарилган жавоблар рўйхати ҳамда тест синовларида абитуриентга тақдим этилган тест топшириқлари китоби берилади.

Тақдим этилган ҳужжатлар асосида абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади ва қабул қилиб олган барча тест материаллари билан бирга апелляция комиссиясига тақдим этади.

Aпеллация шикояти апелляция комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади.

Aбитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топмаган бўлса, апелляция комиссияси тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Aбитуриент мурожаат қилганда унга апелляция шикояти бўйича қабул қилинган қарордан кўчирма берилади.

Aбитуриентнинг жавоблар варақаси, тест топшириқлари китоби Давлат тест марказига белгиланган тартибда етказилмаган, йиртилган бўлса, шунингдек, тест синовларидан четлаштирилган ёки ўзининг жавобларини ёзма равишда баён қилмаган абитуриентнинг апелляция шикояти кўриб чиқилмайди.

Aпелляция комиссиясининг қарори бўйича маълумот Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига апелляция шикоятларини кўриб чиқиш тўлиқ якунланганидан сўнг, беш иш куни ичида тақдим этилади.

Aпелляция комиссиясининг қарори Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқлангандан сўнг кучга киради.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 38
Рейтинг: 3
Теглар
t
×