Абдусатторов халқаро турнирда 20 минг АҚШ доллар ютди
Спорт
−
17 Февраль
429315 февраль куни Германиянинг Гамбург шаҳри мезбонлик қилган шахмат бўйича “Freestyle Chess G.O.A.T Challenge” турнири якунланди. Мусобақада иштирок этган ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов якунда 4-ўрин билан кифояланди.
Ярим финалда икки ўйин натижасига кўра норвегиялик Магнус Карлсенга имкониятни бой берган Абдусатторов 3-ўрин учун баҳсда америкалик Левон Аронянга қарши дона сурди. Томонлар ўртасидаги биринчи партия дуранг билан якун топган бўлса, иккинчи ўйинда Ароняннинг қўли баланд келди.
Финалда эса Магнус Карлсен яна бир америкалик гроссмейстер Фабиано Каруана билан баҳс олиб бориб, ғалаба қозонди ва турнир ғолибига айланди.
Шундай қилиб, 19 ёшли Нодирбек Абдусатторов 4-ўринни қўлга киритиб, 20 минг АҚШ доллари пул мукофотига эга чиқди.