Абдусалом Азизов: “Ўзбекистон манфаати ҳамма нарсадан устун!”
Спорт
−
19 Июнь 2021
10214Жаҳон чемпионати саралашидаги муваффаққиятсизликдан сўнг Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов терма жамоада Ўзбекистон манфаати барча нарсадан устун бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда бугун, 19 июнь куни бўлиб ўтган ЎФА конгрессида маълум қилди.
“Саудиядан учралган мағлубият футболимизнинг бугунги ҳолатига баҳо беради. Биз бу масалага танқидий ёндашишимиз керак. Терма жамоанинг мағлубияти ўз-ўзиидан бўлмади ва бу тасодиф эмас. Яратилган шароитлар юзасидан гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Муаммоларимизнинг илдизи чуқур. Биз футболда кўп нарсани йўқотдик. Айримлар футболни бизнес қилиб олди. Камчиликлар болалар футболидан бошланяпти. Кимлардир футболга кимларнингдир илтимоси билан келяпти.
Мураббийларни бир неча йилдан буён кузатаман, футболимизнинг энг катта камчилиги шуки, бошқа терма жамоа мураббийлари бизнинг футболни бир кўришда ўрганиб олади. Тактика қандайлиги, нечанчи дақиқада ўйинчи алмаштирамиз, жисмоний ҳолатимиз қандай барчасини билишлари жуда осон. Ҳар гал айнан шу сабаб ҳам ютқазяпмиз. Азиз Ҳайдаров бекорга тактика ҳақида гапирмади”.
Амалдаги ДХХ раиси ўзбек футболидаги доимий услуб, мураббийлар масаласи ва миллий жамоанинг асосий ғояси ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди.
“Бир хил ёндашув Вадим Абрамов ва бошқа мураббийлар даврида ҳам бўлган. Мутахассисларда ижодий-таҳлилий малака етарли эмаслиги ва ўз устида ишламаслиги катта муаммолардан бири десак тўғри бўлади.
Бу ЎФАга ҳам алоқадор. Мураббийларни хорижга малака ошириш учун юборишимиз ва ўқитишимиз керак.
Иккинчи жиддий камчилик: терма жамоада Ўзбекистон манфаати ҳамма нарсадан устун деган ғоя унутиб қўйилди Бу ҳақида терма жамоа Саудияга кетишидан аввал ҳам гаплашгандик.
Шунингдек, ЎФА президенти ҳалоллик, хаққонийлик ҳамда болалар футболидаги ҳолатларга ҳам тўхталиб ўтди.
“Футболда холислик ва ҳалолликни таъминлаш бўйича қўйилаётган қадамлар ҳақида ОАВнинг ҳам хабари бор. Масалан “Пахтакор” фаолиятига оид маълумотлар ҳам очиқланди, бошқа жамоаларнинг маълумотлари ҳам тақдим этилади.
Жамоатчилик фикри ҳам жуда муҳим. Фақат мағлубият вақтида эмас, балки ғалаб қозонилганида ҳам танқидлар бўлиши, бундай пайтларда сўкиш, ҳақорат қилиш эмас, ҳурматини жойига қўйиш керак. Бировнинг пулини санаш билан узоққа бормаймиз.
Футбол майдонлари йўқ бўлиб кетяпти деймиз, бор, лекин бўш турибди. Футбол мусобақаларини уюштиришга кўп нарса кетмайди. Болалар ва ўсмирлар мусобақалари, маҳаллалар ўртасидаги футбол ўйинлари Ўзбекистонга етишмаяпти”, дейди Азизов.
Маълумот учун, Абдусалом Азизов 2019 йилнинг июль ойидан бери ЎФА президенти лавозимида фаолият юритмоқда.
Ҳумоюн Орипов
LiveБарчаси