Абдураҳмонов ҳоким ўринбосарларини ойлигини “ҳалоллаб” олишга чақирди (видео)
Жамият
−
23 Апрель
7547Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов инвестиция масалалари бўйича ўринбосарларининг фаолиятидан норозилигини билдириб, улар маошини “ҳалоллаб” олмаётганини айтди. Бу ҳақда у кеча, 22 апрель куни Бобур шаҳрида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган, фаолият олиб боришида турли қийинчиликларга учраётган тадбиркорлар билан мулоқотда сўз очди.
“Инвестиция бўйича ўринбосар лавозимига ўтирганига 3 йил бўлди. Нима қилдинг 3 йил давомида? Ҳеч вақо қилмаган. Ваҳоланки, ойма-ой ойлигини оляпти. Ишлаш учун тўлиқ шароитлар қилиб берилган. Егани олдида, емагани ортида. Хоҳлаган давлатига бориб келиши мумкин давлат ҳисобидан, фақат натижа бўлса… Ахир юртга, жамиятга бирор фойдаси тегиши керак-ку”, дейди ҳоким.
Шунингдек, у 10-15 йилдан буён Хитойда юрган йигитлар унга вакил бўлгани, лекин Андижонда ойлик олиб, жамиятга “бир сўмлик фойдаси тегмаётган”лар ўтирганини таъкидлаган.
“Ойлигини ҳам ҳалол олмасдан лавозимда ўтирганлар бор. Шунинг учун уларга 10 кун муҳлат бердим”, дейди Абдураҳмонов.
Мулоқот давомида ҳоким андижонликларга, шижоатли ёшларга, андижонлик бўлиб чет давлатларда ўқиб, ишлаб юрган фуқароларга мурожаат қилиб, вилоятдаги барча шаҳар ва туман ҳокимларининг инвестиция бўйича ўринбосари лавозимига танлов эълон қилган.
“Ўқимишли, тил биладиган, дипломатиядан оз бўлса-да хабари бор, инвестор жалб қилиш, инвестиция олиб киришда малакаси бўлган андижонлик йигит-қизларни ишга қабул қиламан. Марҳамат, мурожаат қилинглар, ҳамкорлик қилишга тайёрман!”, дейди ҳоким.
LiveБарчаси