Абдулла Арипов Исломободдаги ШҲТ йиғилишида Трансафғон йўлаги ҳақида гапирди

Жамият

image

15-16 октябрь кунлари Покистоннинг Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли ва Трансафғон йўлагини қуриш бўйича лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазири матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.

Қайд этилишича, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф раислигида ўтган тадбирда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, Беларусь Бош вазири Роман Головченко, Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар, Эрон Саноат, конлар ва савдо вазири Мохаммад Атабак, Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов, Хитой Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян, Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров, Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода ҳамда ШҲТ Бош котиби Чжан Мин ва ташкилотнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев қатнашди.

Кузатувчи мамлакат ва фахрий меҳмон сифатида Мўғулистон Бош вазири Лувсаннамсрайн Оюун-Эрдэнэ, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби ўринбосари Денис Трефилов, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш бош котиби ўринбосари Чжан Лин иштирок этди.

Учрашувда томонлар халқаро вазият кескинлашаётгани, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч сусаяётгани, қарама-қаршилик ва рақобат кучаяётгани, экология, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги соҳасидаги таҳдидлар натижасида геосиёсий кескинлик вужудга келаётганига эътибор қаратди.

Ўзбекистон Бош вазири мамлакатлар улкан иқтисодий салоҳиятга эга эканини инобатга олиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ташкилот маконида кўптомонлама шериклик мустаҳкамланишини таъминлаш мумкинлигини қайд этди. Президент илгари сурган таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Шунингдек, савдо тўсиқларини бартараф этиш, техник регламентлар ва сертификатлаштириш, фитосанитария ҳамда ветеринария назорати тизимларини яқинлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни киритиш муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

“Ўзаро инвестицияларни, биринчи навбатда, инфратузилма, юқори технологияли саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни тайёрлаш, самарали ишбилармонлик мулоқоти платформасини яратиш мақсадида ҳар йили ШҲТ EXPO халқаро саноат кўргазмасини ташкил этиш таклиф этилди”, деб ёзади Ҳидоятов.

Шунингдек, йиғилишда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли ва Трансафғон йўлагини қуриш бўйича лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланган. Йиғилишда Ўзбекистонда “яшил” энергетикани жадал ривожлантириш бўйича комплекс дастур амалга оширилаётгани маълум қилинган.

Хусусан, ҳар йили тахминан 2 GVt қуёш ва шамол энергиясини ишлаб чиқариш қуввати жорий қилинмоқда. “Яшил” водородни саноатда ишлаб чиқариш лойиҳаси устида амалий ишлар бошланди.

Кам углеродли ривожланишга ўтиш тенденциясини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатларимиз энергетика вазирликларига қайта тикланадиган энергия манбаларига инвестициялар ва технологияларни жалб қилишни рағбатлантириш бўйича кенг қамровли ҳамкорлик режасини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.

Мажлисда IT соҳаси ва рақамли технологияларни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашда самарали ҳамкорлик қилиш, ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва дўстликни мустаҳкамлаш сингари масалалар юзасидан ҳам атрофлича мулоҳазалар билдирилди.

Мажлис сўнггида қатор ҳужжатлар имзоланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулла Арипов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг