Абэнинг хорижий давлатлар раҳбарлари иштирокидаги дафн маросими қачон ўтказилиши айтилди
Олам
−
23 Июль 2022
8851Япония ҳукумати 8 июль куни ҳужумда ҳалок бўлган собиқ Бош вазир Синдзо Абэнинг давлат дафн маросимини 27 сентябрь куни ўтказиш тўғрисидаги қарорни маъқуллади. Бу ҳақда 22 июль куни бўлиб ўтган брифингда Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Хирокадзу Мацуно маълум қилди.
Маросим Токиодаги Император саройидан унчалик узоқ бўлмаган “Будокан” (Жанг санъати зали) аренасида бўлиб ўтади.
14 июль куни Япония Бош вазири Фумио Кисида ҳукуматни саккиз йилу саккиз ой бошқарган Абэ эришган ютуқларни қайд этиб, давлат даражасида дафн маросимини ўтказиш режасини маълум қилди. Япония жамияти собиқ Бош вазирнинг ўлдирилишидан ҳайратда қолди. Бироқ мамлакат раҳбариятининг дафн маросимини ўтказиш қарори аҳоли томонидан турли хил ҳис-туйғулар билан кутиб олинди: NHK телеканали сўровига кўра, респондентларнинг 49 фоизи бунга рози бўлган, 38 фоизи эса қарши чиққан.
Хорижий делегациялар
Япония ҳукумати давлат дафн маросимига хорижий делегацияларни таклиф қилмоқчи.
“Биз хорижлик меҳмонларни таклиф қиламиз, лекин ким, қанча ва қачон таклифнома юборилиши ҳақида батафсил маълумот берамиз”, дейди Мацуно.
Япония Ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаясининг айтишича, бўлажак дафн маросимида хорижлик меҳмонлар рўйхатини шакллантириш учун вазирлик ҳузурида махсус бўлим ташкил этилган. Унинг таъкидлашича, кўплаб давлатлар вакиллари аллақачон маросимда иштирок этиш истагини билдирган. У бу масала бўйича батафсил маълумотни кейинроқ беришни ваъда қилди. Аввалроқ у Токиога 259 та давлат ва минтақадан 1700 га яқин ҳамдардлик хабари келганини айтганди.
Маросим протоколи ҳали маълум эмас
Давлат дафн маросимини ўтказишнинг аниқ протоколи йўқ. Иккинчи жаҳон урушидан кейин маросим бир марта, 1967 йилда собиқ Бош вазир Сигэру Ёсида вафот этганида ўтказилди. Ҳукумат Абэ оиласининг истакларини инобатга олган ҳолда, бўлажак тадбир тафсилотларини кейинроқ тақдим этишга ваъда бермоқда. Барча харажатлар давлат ғазнаси ҳисобидан қопланади.
Маҳаллий журналистларнинг эслашича, 1967 йил октябрь ойида давлат дафн маросими куни собиқ бош вазир Ёсиданинг хоки солинган идиш кортежда “Будокан” залига олиб кетилган ва у ерда катта мотам портрети остида саҳнага қўйилган. Ҳукумат раҳбари нутқ сўзлаган, ундан сўнг таниқли жамоат ва сиёсат арбоблари, жумладан, хорижлик ҳам саҳна яқинидаги махсус жиҳозланган жойларга гул қўйган.
Кейин кўчада мотамли артиллерия зарби ва сиреналар овози чалинган, жамоат транспортида, шу жумладан темир йўл станцияларида одамлар овоз кучайтиргичлар орқали Ёсида хотирасига бир дақиқалик сукут билан ҳурмат бажо келтирган. 1967 йилдаги бундай маросим турли хил реакцияга сабаб бўлди, деб эслайди “Asahi” газетаси журналисти Нао Маэда:
“Университетларда давлат дафн маросимларини ўтказмаслик ва бир дақиқалик сукутда қатнашмасликка чақирувчи плакатлар осилган, гавжум кўчаларда эса маросимга қарши чиққанлар танқидий чиқишлар қилди”.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 июль куни Дзодзёдзи ибодатхонасида Абэнинг оила аъзолари, яқин дўстлари ва ҳамкорлари дафн маросими бўлиб ўтди. Марҳумнинг жасади куйдирилди ва унинг кули солинган идишни беваси Акиэ уйига олиб келди. Собиқ Бош вазирнинг куллари дафн этилган сана ва жой ҳозирча эълон қилинмаган, аммо улар кутилганидек, унинг она шаҳри Ямагути префектураси бўлиши мумкин. У ерда, Нагатода, унинг отаси, собиқ Ташқи ишлар вазири Синтаро Абэнинг қабри бор. У 67 ёшида вафот этган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь