Абэ нега ўлдирилгани маълум бўлди
Олам
−
10 Июль 2022
61470Нара шаҳрида яшовчи 41 ёшли Тэцуя Ямагами диний тариқат вакилларидан ўч олиш учун Япониянинг собиқ Бош вазири Синдзо Абэни ўлдирган. Бу ҳақда полициядаги манбаларга таяниб “Kyodo” агентлиги хабар берган.
Қайд этилишича, Тэцуя Ямагамининг онаси диний тариқат гуруҳига катта миқдорда пул ўтказган. Бу эса ўғлига ёқмаган. Қасос сифатида у дастлаб тариқат етакчисини йўқ қилишга тайёрланган. Бироқ Ямагами ушбу диний уюшмани Синдзо Абэ билан боғлиқ деган фикр билан собиқ Бош вазирни ўлдиришга қарор қилган.
Айтиш жоизки, аввалроқ, ҳужумчи ўз қилмишини Абэнинг сиёсати ва хатти-ҳаракати унга ёқмаслиги билан изоҳлаб, бироқ у собиқ Бош вазирнинг бевосита сиёсий қарашларига қарши ҳеч қандай адовати йўқлигини таъкидлаганди.
Кеча, 9 июль куни эса Нара полицияси бошлиғи Томоаки Онизука матбуот анжумани ўтказиб, полиция етарли даражада хавфсизликни таъминламагани ва унинг бўлими Бош вазирнинг ўлдирилишининг олдини олмагани учун айбни ўз зиммасига олган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июль куни Синдзо Абэ 10 июль куни бўлиб ўтадиган парламент сайлови олдида кўчада ташвиқот тадбирида нутқ сўзлаётган вақтида отиб кетилди. 41 ёшли япониялик Тэцуя Ямагами қўлбола ўқотар қурол билан уни икки марта отиб ташлади. Абэ қутқарув вертолётида шифохонага етказилди. Шифокорлар унга қон қуйишди ва бир неча соат давомида унинг ҳаёти учун курашдилар. Собиқ бош вазир маҳаллий вақт билан соат 17:03 да вафот этди, у 67 ёшда эди.
2002 йилдан 2005 йилгача мамлакатнинг денгиздаги ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларида хизмат қилган эркакнинг уйидан портловчи моддалар топилди. Эркакка расман қотиллик айблови қўйилган.
LiveБарчаси