Аҳолининг долларга талаби кескин ортди. Валюта олди-сотдисида чекловлар бўладими?
Жамият
−
15 Апрель 2020
7186Ўзбекистонда аҳолининг долларга бўлган талаби март-апрель ойларида кескин ошиб кетди. Бу ҳақда бугун, 15 апрель куни Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов брифинг вақтида маълум қилди.
“Аҳоли томонидан март ойида ўртача кунлик 13,3 миллион долларлик валюта сотиб олинган бўлса, апрель ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб бу сумма кескин ошди ва 10 апрелда 19,5 миллион долларни ташкил этди, 13 апрель куни эса 22 миллион долларга етди.
Шу билан бирга 15 апрель куни валюта биржасида талаб даражаси 62 миллион АҚШ долларини ва 16 миллион евродан ортиқни ташкил этган бўлса, алмашув курсининг 10 121 сўмгача ошиши валюта сотиб олиш бўйича аризаларнинг катта қисми, қарийб 80 фоизини қайтариб олинишига сабаб бўлди. Аввалги кунларда бундай ҳолат кузатилмаган эди”, деди Нурмуратов.
Марказий банк раиси валюта олди-соттисига ҳеч қандай чекловлар киритилмаслигини айтиб ўтди.
"Бугунги кундаги валюта бозоридаги ҳолат алмашув курсининг ўзининг табиий нуқтасига яқинлашганидан далолат беради. Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда валюта олди-сотдиси билан боғлиқ чекловлар киритилиши бўйича турли хабарлар пайдо бўлмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб таъкидлаб ўтмоқчиманки, валюта сотиш ва сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чекловлар киритилмайди. Фақат унинг нархи бозордаги омиллар асосида шаклланиб боради", деди Мамаризо Нурмуратов.
Эслатиб ўтамиз, кеча Марказий банк қайта молиялаш ставкасини 1 бандга пасайтириб, 15 фоиз қилиб белгилади. Бу мамлакатда инфляция даражаси бўйича прогнознинг пасайиши билан изоҳланди.