Аҳоли фойдаланаётган ерларини хусусийлаштириши учун тўлов камайтирилди 

Жамият

image

Аҳоли ўзига тегишли бўлган давлат рўйхатидан ўтган ерларни хусусийлаштириш тўлови қисқарди. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Атамуратов маълум қилди.

2022 йил 30 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг 685-сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” 2022 йил 14 февралдаги 71-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қайд этилишича, ҳозирга қадар аҳоли ўзига тегишли бўлган давлат рўйхатидан ўтган ерларни хусусийлаштириш тўлови йиллик ер солиғининг 20 баравари миқдорида эди. Эндиликда бу қиймат Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида ер солиғининг 10 баравари, бошқа ҳудудларда 5 баравари миқдорида белгиланди.

Шунингдек, қарорда:

  • хусусийлаштирилаётган ер участкасини сотиб олиш қийматини табақалаштирилган ҳолда камайтириш;
  • ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш муддатлари ва босқичларини қисқартириш;
  • ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилишдан тушган маблағларнинг бир қисмини туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолдириш;
  • кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудидаги ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилишнинг хусусиятларини белгиланди.

Қарорга кўра, амалда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукционга чиқариш босқичлари қисқартирилиб, ижара ҳуқуқи билан ер олишда 48 иш куни, мулк ҳуқуқида 74 иш кунигача сарфланган вақт эндиликда 16 ва 22 иш кунигача қисқартирилди.

Ерларни ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши билан келишган ҳолда, мастер-режа асосида аукционга чиқариш орқали жараёнларни тезлаштириш кўзда тутилди.

Ерларни бош режада назарда тутилган лотларга мувофиқ, содда тартибда тадбиркорларга бериш амалиёти жорий этилади.

Соҳиба Комиловна


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

263

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг