Аҳоли бегона аёлни бола ўғрилигида айблаб, “самосуд” қилди. Ўзбекистонда бола ўғрилари борми? (видео)

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида бола ўғриси сифатида гумон қилиниб, маҳаллий аҳоли томонидан қуршовга олинган аёл тасвирланган видеолар тарқалди. Видеода фуқаролар аёлга нисбатан шаъни ва қадр-қимматини камситувчи сўзлар ишлатиб, унга тажовуз қилгани акс этган. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова билан боғланди.

Расмий тарзда олиб борилган ўрганишдан маълум бўлишича, жорий йилинг 25 август куни кечқурун соат 22:00 лар атрофида Қуйи Чирчиқ тумани “Ойдинобод” МФЙда яшовчи фуқаролар мазкур кўчада юзи тиббий ниқоб билан тўсилган аёл С.О.ни (1979 йилда туғилган аёл) мақсадсиз ҳаракатланиб юрганини кўрган ва ундан кимлигини, мазкур маҳаллада кимни излаётганини сўраган. Аёлнинг жавоби уларда гўёки шубҳа уйғотган ва шунинг учун маҳаллада яшовчи фуқаролар аёлни ортидан таъқиб қилган. Масалан, шу ерда  истиқомат қилувчи икки нафар фуқаро нотаниш аёлнинг йўлини тўсиб, унинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилган. 

Шунингдек, маҳаллада яшовчи аёллар гўёки бола ўғирлаш мақсадида келганлигини важ қилиб С.О.нинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи сўзлар ишлатган ҳолда уни ҳақорат қилган. Мазкур ҳолат фуқароларнинг мобил телефонига видеога олиниб, туман ҳудудидаги аҳоли кузатадиган турли Telegram-каналлар ва гуруҳларга тарқатиб юборилган.

“Фуқароларнинг бола ўғирлашга оид важлари асоссиз, С.О. томонидан ҳеч бир вояга етмаган шахсга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ ҳаракатлари содир этилмаган”, деди Раҳмонова.

Мазкур ҳолат юзасидан воқеа жойига Қуйи Чирчиқ тумани ИИБ ходимлари етиб борган ва содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича суриштирув ҳаракатлари ўтказилган. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (Майда безорилик)да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этишда гумонланган 7 нафар шахсга нисбатан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ тумани судига юборилган.

Ушбу воқеа ортидан QALAMPIR.UZ Болалар омбудсманидан Ўзбекистонда бола ўғрилиги билан боғлиқ жиноят содир этилган ёки этилмагани, сўнгги йилларда бундай ҳолатлар кузатилган-кузатилмагани, шунингдек, халқ орасида тарқалган “бола ўғрилари болаларни ўғирлаб, уларнинг ички аъзоларини олиб сотиб юборади”, мазмунидаги миш-мишларнинг қай даражада ҳақиқатга яқин экани ҳақида маълумот олди.

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда болани бегона шахслар томонидан ўғирлаш ҳолатлари қайд этилмаган. Фақат айрим оилавий низолар оқибатида ота-она ёки яқин қариндошлар ўртасида бундай вазиятлар юз бериши мумкин. Вояга етмаганларга нисбатан орган трансплантацияси билан боғлик жиноятлар ҳам кузатилмаган. Бундай масалаларда Ўзбекистонда вазият бошқа давлатларга нисбатан анча яхши. Хавфсизлик индекси бўйича Марказий Осиёда Ўзбекистон биринчи ўринда туради.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент самосуд бола ўғрилари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг