Аҳмадбойнинг адвокати: “У ҳеч кимни алдамаган ва жабрланувчиларнинг ўзи пулни ялиниб олиб келишган”

Таҳлил

Аҳмадбойга суднинг сўнгги ҳукми ўқилди (видео) north_east

Аҳмадбойга суднинг сўнгги ҳукми ўқилди (видео)

Кеча, 12 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ тумани судида халқ орасида Аҳмадбой номи билан танилган ва “молиявий пирамида” тузиб, уюшган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилишда айбланган чинозлик Аҳмаджон Турсунбоевга ҳукм ўқилди. Суд мажлисининг тарафлар музокараси вақтида давлат айбловчисидан сўнг, бирин-кетин адвокатларга сўз берилди. Аҳмаджон Турсунбоевнинг ҳимоячиси, адвокат Малика Мазбудовага сўзга чиқди. Адвокат Аҳмадбойнинг оқланиши учун асослар, давлатга топиширилган пуллар ва бажарилган хайрли ишлар ҳақида гапирди. Унинг қайд этишича, мижози ҳеч кимни алдамаган, аксинча, одамлар мол-мулкини қўшқўллаб Аҳмадбойга олиб келиб топширган ва то қамалмагунига қадар ҳеч бир органга шикоят қилмаган. 

“Қамоққа олинмаганда, пулларни қайтарарди”  

Малика Мазбудова ўзининг сўзини Аҳмадбойнинг айбсизлигини исботлашдан бошлади. Унинг фикрича, қўлга олингани пулларнинг қайтишига катта тўсиқ бўлган.

“Ҳурматли суд, Аҳмаджон Турсубоевнинг навбатдаги суд ишини кўриб чиқдик. Адвокат прокурорнинг гапи билан келишмайди. Ўтган сафаргидек, унга нисбатан қўйилган айблов ўз тасдиғини топмаган деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми бўйича қўйилган айбловдан тўлиқ оқлашингизни сўраймиз. 

У ушланган вақтда ҳеч қандай жабрланувчилар бўлмаган. Унинг устидан ҳеч ким шикоят қилмаган, ариза ёзмаган. Бундан ташқари, Аҳмаджон Турсунбоев ҳеч кимни алдамаган ва жабрланувчиларнинг ўзлари пулни ялиниб олиб келишган. Пулларни ортиғи билан қайтариб берган. Агар эҳтиёт чораси ўзгартирилмаганда эди, фуқароларга ўз вақтида маблағларни қайтарган бўлар эди. Мана, қўлга олинганига 4 йил бўлган бўлса, маблағларни қайтаришга 2-3 ой ҳам етарди”, дейди Аҳмадбойнинг ҳимоячиси. 

Адвокатнинг айтишича, тергов органлари томонидан қўйилган оғир турдаги жиноятларни қилувчи жиноий гуруҳ тузгани ҳақидаги айблаш ўз тасдиғини топмаган. Ҳимоячи Аҳмадбой ишсиз юрган фуқароларни бекор юрмасин деб иш билан таъминлаганини айтди: 

“Уюшган жиноятчиликка раҳбарлик қилган деган айблов ҳам шундай. У қилган ишларини ҳуқуқий оқибатини билмаган. Бу айбловлар ҳам тасдиғини топмади”.

 

Давлат ихтиёрида турган пуллар

Адвокат шунингдек, Аҳмадбойнинг давлатга топширилган маблағлар ҳақида гапирди. Бундай маблағлар пул ва тилла буюмлар кўринишида бўлган.

“Аҳмаджоннинг тадбиркорлигини билиб туриб айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар у билан олди-бердиларда фойдаланган. Шу ҳам судда ўз тасдиғини топди. Пул маблағлари, чорва моллари, автомашина, турар жой ва нотурар жойлар ва бошқа мол-мулклар ҳаммаси олинган. Ўзига тегишли тилла буюмларни 2 кг 800 граммни ҳам топширган. Олий суд пленум қарорига биноан, унинг ҳаракатлари фирибгарликни ташкил қилмайди. Кўпчиликнинг шароити, рўзғори ҳам яхшиланган. Унинг мижозлари, ишчилари уйлар олишган, тўй қилишган, машиналар сотиб олишган”, деб таъкидлади ҳимоячи. 

Аҳмадбой орзуси, беғараз ёрдамлари

Аҳмадбойнинг адвокати ҳимояси остидаги шахс доимо ёрдамга муҳтожларга кўмак беришдан қочмаганини айтди. У тадбиркорликдан топган пуллари билан кўплаб беғараз ёрдамлар қилганини маълум қилди. 

“Турсунбоев чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланган ва халққа танилган. Аҳмадбойнинг орзу ва ниятлари чорвачилик, қорамолчилик, паррандачилик ва балиқчиликни йўлга қўйиш бўлган. Шу мақсадда ҳам, катта фермер қуришни бошлаган. Шунингдек, 100 гектардан ошиқ ерда картошка, полиз экинлари ва мевали дарахтлар экиб етиштира бошлаган. У ҳамиша тадбиркорлигини ҳалол меҳнати билан вақтидан унумли фойдаланган ҳолда ҳаракат қилган. Бу бўйича иш материалларида маълумотномалар мавжуд. 

Унга мурожаат қилган маҳалла фуқаролар йиғини томонидан кам таъминланган дейилган оилаларга, даволанишга қийналиб юрган беморларга қўлдан келгунча ёрдам берган. Улар учун озиқ-овқатга, операцияга ёки молиявий томондан ўз хоҳиши билан ёрдам бериб келган. Бундан ташқари ўзи яшаб келаётган Олмазор қўрғонидаги асфальтлар, электр тармоқлари бўйича, бетон устун ва симлар торттирган, қабристон ва масжидларни қайтадан таъмирдан чиқарган. 

Чиноз туманидаги болалар интернатига, Чиноз туманидаги вояга етмаган қизларни қайта тарбиялаш муассасига, Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги чақалоқлар етим уйларига ва Тошкент шаҳридаги Хлебушкина меҳрибонлик уйига доимо ҳар томонлама ёрдам бериб келган”.

 

Айбсизлиги учун асослар

Адвокат суд мажлиси сўнггида айбланувчининг оқланишига ҳуқуқий асослар келтириб ўтди. 

“Ҳамма пуллар, тилла буюмларнинг барчаси давлатда турибди. Уларга қўйилган айблар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал Кодекси 83-моддаси 1-қисмига асосан ишни тугатиб, реабилитация қилишни сўрайман. 

Шу билан бирга, Аҳмаджонга эҳтиёт чорасини ўзгартириб беришингизни сўрайман. 4 йилга яқин ўтирган бўлса, шунинг ўзи буларга катта сабоқ бўлди. Меҳнаткаш инсон сифатида бошқа бундай ишлар қайтарилмаслигини тушунади. Шунинг учун суд залидан озод қилишингизни сўрардим”, дея сўзини якунлади Малика Мазбудова.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман судида судланувчи Аҳмаджон Турсунбоевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” ва “в” бандлари билан айбли деб топилиб 14 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

121

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг