9-кун. Эрон ва Исроил зарба беришда давом этмоқда
Олам
−
21 Июнь 8822 4 дақиқа
Бугун, 21 июнь куни эрталаб Эрон Теҳрон ядровий дастури бўйича таҳдид остида музокара ўтказмаслигини айтганидан сўнг, Эрон ва Исроил ўзаро янги ҳужумлар амалга оширди. Европа эса тинчлик музокараларини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Эроннинг “Fars” агентлиги хабар беришича, Исроил мамлакатдаги энг йирик ядровий объектлардан бири – Исфаҳон ядровий мажмуасига ҳужум қилган. Аммо радиацион моддалар оқиб чиқмаган. Қум шаҳридаги бир бино ҳам нишонга олинган, дастлабки маълумотларга кўра, 16 ёшли йигит ҳалок бўлган ва яна икки киши яраланган.
Исроил армияси эса Эрондаги ракета омборлари ва учириш инфратузилмаларига катта ҳажмдаги зарбаларни амалга оширганини маълум қилди.
Маҳаллий вақт билан соат 2:30 да Исроил ҳукумати Эрон томонидан ракеталар зарбаси юборилаётгани ҳақида огоҳлантирув берди. Тель-Авив ва марказий ҳудудларда ҳаво ҳужуми сиреналари янгради. Ғарбий Соҳилдаги Исроил томони эгаллаб турган ҳудудларда ҳам сиреналар эшитилди. Тель-Авив осмонида ракета тўсиш тизимлари ишга туширилиб, портлашлар садоси эшитилди. Исроилнинг миллий ёрдам хизмати – “Маген Давид Адом”га кўра, жанубий Исроилда ҳам сиреналар эшитилган.
Исроил армиясига кўра, Эрон томони 5 та баллистик ракета учирган, аммо улар ҳалигача тўлиқ мақсадга етмаган. Исроилда ҳалок бўлганлар ҳақида дастлабки маълумот йўқ. Фақатгина бир кўп қаватли тураржой биноси томида ёнғин чиққан, бу қайтарилган ракета парчалари сабаб юз бергани айтилмоқда.
Ядровий дастур бўйича келишмовчиликлар
Исроил 13 июнь куни Эронга қарши ҳужумни бошлаган ва бунга сабаб сифатида Эрон ядровий қурол ишлаб чиқариш арафасида эканини айтган. Эрон эса ядровий дастури фақат тинч мақсадларда эканини таъкидлаб, дрон ва ракета орқали жавоб қайтарган.
Исроилда ядровий қурол мавжудлиги тахмин қилинади, лекин расман тасдиқланмаган. Исроилнинг ҳаво ҳужумлари оқибатида 639 нафар Эрон фуқароси ва ҳарбийлари ҳалок бўлган – бу ҳақда АҚШда жойлашган Human Rights Activists News Agency маълум қилган. Ўлдирилганлар орасида юқори лавозимли ҳарбийлар ва ядровий олимлар бор. Эрон зарбалари эса Исроилда 24 нафар фуқаронинг ҳаётига зомин бўлган.
Трампнинг баёноти ва музокаралар
Кеча, 20 июнь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон яқин ҳафталарда, камида ойлар ичида ядровий қуролга эга бўлиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бунга “йўл қўйиб бўлмайди”. Трамп АҚШ Миллий разведка директори Тулси Габбарднинг “Эрон ядровий қурол ишлаб чиқармаяпти” деган фикрига қўшилмади.
Эрон жавоб зарбаларини Тель-Авив ва атрофига қарата амалга оширмоқда – бу ҳудуд мамлакатнинг иқтисодий ва ҳарбий марказларидан биридир.
20 июнь куни Исроил ядровий қурол ишлаб чиқаришда айблаётган илмий марказ, ракета ишлаб чиқариш объектлари ва бир неча ҳарбий базага зарба берганини маълум қилди.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ билан музокаралар фақатгина Исроил агрессияси тўхтагандагина бошланишини айтди. Бироқ у Женевада Европа Ташқи ишлар вазирлари билан музокара ўтказиш учун борди.
Женева музокараларидан умид кам
Трамп АҚШнинг урушга қўшилиши ҳақида қарор қабул қилиш учун икки ҳафта вақт олишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Исроилни ҳужумни тўхтатишга чақириш қийин, чунки “ютаётган томонга бундай талаб қийин қўйилади”.
Женева музокараларида жиддий илдамлашув кузатилмади. Трамп Эрон фақат АҚШ билан гаплашишни исташини, Европага бу масалада умид қилиш нотўғри эканини билдирди.
АҚШ Давлат департаменти хабарига кўра, ҳаво урушлари бошланганидан бери юзлаб америкаликлар Эрондан қочган.
20 июнь куни БМТ Хавфсизлик кенгашида Исроилнинг элчиси Дани Данон Исроил ҳужумларни тўхтатмаслигини билдирди. Эрон элчиси Амир Саид Ираваний эса АҚШ урушга қўшилиши мумкинлигидан ташвишда эканини билдириб, кенгашни чора кўришга чақирди.
Россия ва Хитой эса дарҳол тинчланишни талаб қилди.
Бир юқори мартабали Эрон расмийси “Reuters” агентлигига берган баёнотида, Эрон уранни бойитишни чеклаш бўйича гаплашишга тайёрлигини, аммо тўлиқ тақиққа рози бўлмаслигини айтди – айниқса, Исроил зарбалари давом этаётган бир пайтда.