Неча фоиз сайловчи овоз бергани маълум бўлди
Жамият
−
24 Октябрь 2021
33992Аввал хабар берганимиздек, бугун, 24 октябрь куни соат 20:00 да Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўйича мамлакатдаги барча сайлов участкаларида овоз бериш якунланди.
Ўзбекистон Республикасининг Европадаги айрим давлатлар ва Америка Қўшма Штатларидаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари давом этмоқда. Бу ҳақда МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳозирга қадар мамлакат бўйича сайловда иштирок этганлар 16 миллион 36 минг 914 нафарни ёки 80,8 фоизни ташкил этмоқда.
“Чет элларда овоз берган ватандошларимиз сони ҳақида эртага маълумот берамиз.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96-моддасида, сайлов, агар унда сайловчиларнинг камида 33 фоизи иштирок этган бўлса, ҳақиқий деб ҳисобланиши белгиланган.
Демак, Сайлов кодексига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтган ва ҳақиқий деб ҳисобланади” деди Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев.