8 ёшли қизнинг ошқозонидан гольф тўпидек келадиган соч ўрами чиқди
Саломатлик
−
14 Ноябрь 2023
11155Россиянинг Москва шаҳридаги 9-сонли болалар шаҳар клиник шифохонасида 8 ёшли мактаб ўқувчисининг ичакларидан катталиги гольф тўпидек бўлган иккита соч ўрами олиб ташланди. Бу ҳақда МАSH хабар берди.
Маълум қилинишича, 8 ёшли мактаб ўқувчиси қорин оғриғи ва қайт қилиш шикояти билан шифохонага ётқизилган. Дастлабки таҳлил натижаларига кўра, қизалоқнинг ичакларида соч толалари йиғилиб қолгани аниқланган.
“Шифокорлар бўлакларнинг қанчалик катта эканини тушуниб етгач, лапаротомия қилишга қарор қилган”, дейилади хабарда.
Жарроҳлар қорин олд деворида кичик кесма ҳосил қилиб, бирин-кетин ичаклардаги "копток"ларни олиб ташлаган. Қизча соғайиб кетганидан сўнг болалар жарроҳи, гастроэнтеролог ва невропатологнинг амбулатор назорати остида уйига жавоб берилган.
“Бу ҳақда хулоса берган невропатологларнинг фикрича, қиз оғир асаб касаллиги туфайли соч ейишга одатланиб қолган бўлиши мумкин”, деб ёзади МАSH.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Миллий госпиталида жарроҳлар 18 ёшли қизнинг ошқозонидан 4 кг соч ўрамини чиқариб олгани ҳақида хабар берилган эди. Шифокорлар қизда умумий текширув ўтказган ва унинг бутун ошқозон бўшлиғини 35 см ўлчамдаги ва тахминан 4 кг оғирликдаги катта соч ўрами эгаллаб олганини аниқлаган.
LiveБарчаси