72 мингдан ортиқ сифатсиз тиббий буюмларни сотишга уринган шахс ушланди
3-саҳифа
−
31 Июль 3121 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида жами 240 млн сўмлик 29 хил номдаги 72 389 дона тиббий буюмларни сотиш учун сақлаётган шахс қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрида яшовчи 1976 йилда туғилган фуқаро 72 000 дона тиббий буюмларни 111 млн сўмга сотишга келишиб, олдиндан 30 млн сўм олган вақтида ушланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахснинг яшаш хонадони ва автотранспорт воситасини кўздан кечириш жараёнида жами 240 млн сўмлик 29 хил номдаги 72 389 дона тиббий буюмлар ва “Магникум”, “Релок”, “Дизентерон” ва бошқа шу каби 867 қути дори ва биологик актив қўшимчалар сотиш мақсадида сақланаётгани аниқланган.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” Давлат муассасасининг тегишли хулосасига кўра, мазкур дори воситалари сифатсиз ва сақлаш шароитига амал қилинмаган бўлиб, сотиш, ташиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланади.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Бухоро вилоятининг Бухоро туманида сифати кафолатланмаган дори воситалари савдосига барҳам берилганди. Хусусан, Бухоро туманида истиқомат қилувчи 40 ёшли фуқаронинг яшаш хонадони ҳамда унга алоқадор бўлган автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда, “Имудон”, “Церебролизин”, “Дофамин”, “Маалокс” каби жами 78 номдаги 978 қути сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.