“60 кабутар” лойиҳаси яна 60 та қалбни шод этди

Жамият 8671
sard

Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким мусулмоннинг етимлари орасидан бир етимни ўз овқатига, ичимлигига қўшса, Aллоҳ уни беҳожат қилиб қўяди ва унга жаннатни, албатта, вожиб қилади”. Бугун, 13 июнь куни ана шундай эзгуликнинг амалдаги ифодаси– “60 кабутар” лойиҳасининг учинчи босқичи бўлиб ўтди. Мазкур лойиҳа яна 60 нафар болани чин маънода хурсанд қила олди.

Олтмиш кабутар – олтмиш қоракўз, олтмиш нафар меҳрга ташна қалб демакдир. Бу “кабутар”лар бугун учишга шай, фақат атрофдагиларнинг эътибори ва меҳри керак, холос. 

Боланинг ўқиб-ўрганиши ва келажакда яхши касб эгаси бўлиши, албатта, унинг билим олиши учун етарли шароит яратиш билан бевосита боғлиқдир. Эътибор берганмисиз, укангиз ёки жиянингизнинг бирор ўқув қуроли бўлмаса, дарҳол бориб ота-онасидан ўша буюмни олиб беришларини сўрайди. Aммо бу “кабутар”лар кимдан сўрайди?! Қўшни бола кўчани тўлдириб велосипед минган пайт у “менга ҳам велосипед олиб беринглар”, деб кимга хархаша қилади?! У ўз уясидан учирма бўлишга улгурмаган “кабутар”дир. У ота-она меҳрига тўёлмаган “кабутар”дир.

“60 кабутар” лоҳияси ташкилотчиларининг саъй-ҳаракатлари натижасида ҳамда саховатпешаларнинг эҳсонлари билан бугун 60 нафар ота-онасиз катта бўлаётган болалар қалбига оз бўлсада қувонч кирди. Меҳр-мурувватга муҳтож болаларнинг икки нафарига (бир нафар қиз ва бир нафар ўғил) кўзларини даволатиш учун йўлланма, бир нафар қизга газ плитаси, 2 нафар болага кондиционер, 4 нафар болага компьютер, 6 нафар қиз болага тикув машинаси, бир нафар қиз болага Қуръони Карим ва жойномоз, бир қанча планшетлар, шунингдек, араб ва инглиз тили курслари учун олти ойлик бепул йўлланма, ўғил болалар учун 15 дан ортиқ велосипедлар дастур давомида эгаларига топширилди.

Турли мультфильм қаҳрамонлари иштирокидаги саҳна ўйинлари ва “сеҳргар”нинг томошалари болажонлар учун яна бир кутилмаган совға бўлди. 

Мазкур лойиҳада меҳмон сифатида иштирок этган профессионал боксчи, икки карра Осиё чемпиони Баҳодир Жалолов ушбу лойиҳани олдиндан кузатиб боришини айтиб, агарда шу болалар ичида боксга қизиқадиганлари бўлса, бажонидил устозлик қилишини ҳам билдирди.

“Aввало, мени бу лойиҳага таклиф қилишганида жуда ҳам хурсанд бўлдим. Болаларнинг кўзидаги қувончни кўриб янада қувониб кетдим. Бундан кейинги тадбирларга ҳам Худо хоҳласа албатта, келаман. Aгар шу болаларнинг ичида боксга қизиқадиганлари бўлса, “қатнашмоқчиман” деб залларга борса, мен уларга устозлик қилишга доим тайёрман. Болаларнинг “мен Ўзбекистон байроғини юқориларга кўтараман”, дея ишонч билан айтаётган гаплари мени улар учун тўгарак очишга ундамоқда. Мен ишонаман, улардан яхши спортчилар чиқади. Болаларнинг кўзи ёниб турибди”, дейди Баҳодир Жалолов

Дастур ташкилотчиларидан бири Иноятилло Сатторов саховатпеша инсонларни бирлашишга, ота-онасиз ва меҳр-мурувватга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашда ўз ҳиссаларини қўшишга чақирди. Унинг айтишича “60 кабутар” лойиҳаси тўхтаб қолмайди. Мазкур лойиҳа вилоятларда ҳам ўтказилиши режалаштирилмоқда.

“Aввало, келганинглар учун раҳмат. “60 кабутар” лойиҳаси ҳар икки-уч ойда ўтказиладиган меҳр-мурувват тадбиридир. Биласизми, биз ҳозир Тошкент шаҳридаги болалар учун ушбу лойиҳани ўтказяпмиз. Лекин, албатта, мазкур лойиҳани аста-секинлик билан вилоятлар доирасида ҳам ўтказиш режамизда бор. Худо хоҳласа, бу тадбир кенг кўламда ўтказиладиган тадбир даражасига етишади деган умиддамиз”, дея ўз сўзини якунлади Сатторов.

Тадбир ташкилотчиси Иноятилло Сатторов фурсатдан фойдаланиб, ОAВга, хусусан QALAMPIR.UZ сайтига ўз миннатдорлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ мазкур лойиҳа доирасида ўтказилган бундан олдинги тадбирларни атрофлича ёритиб, сизга ҳавола этганди.

Мурод Бердиев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 187
Рейтинг: 3.1
t
×