500 га яқин “заправка”нинг фаолияти тўхтатиб қўйилди
Local
−
22 June 12398 2 minutes
Ўзбекистонда тегишли назорат хатлови ўтказилиши ортидан фаолият юритаётган 500 га яқин ёнилғи қуйиш шохобчаларининг фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 18 июнь куни қабул қилган “Ёнилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида авария ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш ва инсон ҳаётига хавф солувчи омилларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 315-сонли қарорида сўз боради.
Ҳужжатда маълум қилинишича, Ўзбекистонда жами мавжуд 6 196 та суюлтирилган ва сиқилган газ, нефть маҳсулотларини қуйиш шохобчалари ҳамда аҳолига газ баллонларига суюлтирилган газни тўлдириш станциялари ва пунктлари хатловдан ўтказилган.
Хатлов ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда инсонлар хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш ҳамда турли кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида ташкил этилган. Хатлов якунларига кўра, жами 46 737 та, шу жумладан, қурилиш соҳасига оид 2 218 та, ёнғин хавфсизлиги соҳасига оид 7 949 та, саноат ва техника хавфсизлиги соҳасига оид 25 341 та, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасига оид 3 354 та ва белгиланган технологик жараёнларни таъминлашга оид 7 875 та қоидабузарликлар ва камчиликлар аниқланган.
Қайд этилишича, ўтказилган хатлов давомида жами 7 166 та камчиликлар жойида бартараф этилган ва 464 та ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг “Табиий газ ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тегишли қарорига мувофиқ 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб барча турдаги ёнилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида, шу жумладан, ёнилғидан ўз эҳтиёжи учун фойдаланадиган объектларда белгиланган хизмат муддати тугаган ёки ишлаб чиқарилган санаси аниқ бўлмаган ортиқча босим остида ишлайдиган ускуналардан фойдаланишни 2030 йил 1 январга қадар чекланилиши белгиланди.
Шунингдек, жорий йилнинг 1 сентябрига қадар инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирадиган, шаҳарсозлик, саноат ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган шохобчаларнинг махсус реестри шакллантириладиган бўлди. Кейинчалик эса хавфли деб топилган объектларни босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида содир бўлган портлаш оқибатида 6 киши ҳалок бўлганди. Назорат хатлови шу ҳодиса фонида амалга оширилган.
Live
All