50 йил ичида Ўзбекистоннинг сейсмологик хавфи ошмайди – олим

Жамият

Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон ҳам сейсмологик фаол нуқтада жойлашган. Хўш, агар Ўзбекистонда ҳам мана шундай кучли зилзилалар содир бўладиган бўлса, мамлакатдаги илм-фан сейсмологик нуқтайи назардан прогнозларни олдиндан айтиб бера оладими? Давлат бундай ҳодисаларга олдиндан тайёргарлик кўра оладими?

Аниқланишича, келгуси 50 йил ичида Ўзбекистон ҳудудининг сейсмик хавффи ошмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ғ.Ў.Мавлонов номидаги Сейсмология институти директори ўринбосари, геология-минералогия фанлари доктори, профессор Воҳидхон Исмоилов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

Унинг айтишича, бу 90% лик эҳтимол бўлиб, мамлакатда сейсмологик прогнозлаштириш ишлари мунтазам равишда амалга ошириб келинмоқда.

“Ўзбекистонда сейсмология, сейсмик хавфни баҳолаш, ҳудудлаштириш ишлари 1966 йилги Тошкент зилзиласидан кейин жуда жадаллик билан амалга оширила бошлади. Бу мамлакатда Сейсмология институтининг очилиши билан боғлиқ. 1966 йилдан бошлаб бир қатор ишларнинг кўламлари кенгайтирилди. Масалан, агар ўша пайтларда Ўзбекистонда 7-8 та кузатувлар ўтказилган бўлса, кейинчалик уларнинг сони 18-20 тага оширилди. Тошкент зилзиласи бизга сейсмик хавф борасида сабоқ бўлган эди. Шунинг учун, биз тизимни бошқатдан кўриб чиқдик ва Ўзбекистон ҳудудида 7, 8 ва 9 баллик зоналарни ажратиб чиқдик.

Масалан, 8-9 баллик зоналар бу Фарғона водийси, 7-8 баллик зона Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё (баъзан 9 балл), 7 баллик зона Бухоро вилояти экани аниқланди. Бу харитадан биз йиллар давомида фойдаланиб келдик. Шунингдек, 1978 йилда ҳам собиқ СССР ҳудуди бўйича қайтадан сейсмик раёнлаштириш ишларини бошлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Шу тариқа Ўзбекистонда сейсмик кузатув пунктлари 28-30 тага ошди. Натижада аниқлик ва мукаммаллик кучайди”, дейди Воҳидхон Исмоилов.

Унинг айтишича, худди шундай такомиллаштириш ишлари 1996 йилда ҳам давом этиб, Ўзбекистоннинг сейсмик ҳудудларида Қурилиш меъёрий қоидалари ишлаб чиқилди ва районлаштириш харитасини ҳам топширдик. 2011 йилда районлаштириш харитасини янада такомиллаштирдик. 

“Охирги марта 2017 йилда ОСР-2017 ишлаб чиқдик. Бунинг натижасида чексиз давр ичида ер силкинишлари баҳолаш имкони туғилди. Тўғри, бу жуда мавҳум, лекин эҳтимолий зилзилаларни аниқлай оламиз. Биз 2017 йилда ишлаб чиққан харитада 1000 йил ичидаги энг юқори хавф намоён бўлган. Бугунги кунда шу харита Қурилиш вазирлигига берилган. Умуман олганда, сейсмик хавфни баҳолаш жараёни Ўзбекистонда бир жойда тургани йўқ”, дея қўшимча қилган профессор.

Эслатиб ўтамиз, Нидерланд сейсмолог олими Франк Ҳогербитс Туркиянинг жануби-шарқи, унга қўшни Сурия, Иордания ва Ливан билан чегарадош ҳудудларида яқин кунларда 7,5 магнитудалик кучли зилзила бўлишини воқеадан икки кун олдин прогноз қилган эди.

Туркия ҳукуматининг буни эътиборсиз қолдиргани эса кўплаб одамларнинг қурбон бўлишига сабаб бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

зилзила Сейсмология институти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг