5 та араб давлати АҚШга ўз ҳудудидан Эронга ҳужум қилишга рухсат берди – ОАВ

Олам

image

Форс кўрфазининг бешта давлати АҚШга Эронга зарба бериш учун ўз ҳудудлари ва ҳаво ҳудудини тақдим этди. Бу ҳақда разведкадаги манбаларига таяниб, “Fars” ва “Tasnim” хабар берди. 

Уларнинг сўзларига кўра, бу давлатлар сирасига Баҳрайн, Қатар, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Саудия Арабистони киради. 

“Америка ҳарбий хизматчилари Эронга қарши ракета, авиация ва денгиз операцияларида ушбу давлатларнинг базалари, ҳудудий сувлари ва ҳаво бўшлиғидан фойдаланган”, деб аниқлик киритади “Tasnim”.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Форс кўрфазидаги араб давлатлари АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эрон билан урушни тугатиш бўйича келишув тузиш ниятидан хавотирда экани, улар бундай келишув оқибатида минтақада ғазабнок ва ҳамон қудратли рақиб билан юзма-юз қолишдан қўрқаётгани ва ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришни талаб қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Жорий йилнинг 24 март куни кечқурун АҚШ Президенти Дональд Трамп журналистнинг саволига жавоб бераётиб, Саудия Арабистони Эронга қарши ҳужумларни давом эттиришга чақираётгани ҳақидаги Америка ОАВ хабарларини тасдиқлади. Эрон манбаларига кўра, икки кун ўтиб ҳам Саудия томони бу баёнотни инкор этмаган.

Жорий йилнинг 25 март куни БААнинг АҚШдаги элчиси “The Wall Street Journal” газетасида мақола эълон қилиб, унда АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган зарбаларини қўллаб-қувватлаган. Эрон разведкаси маълумотларига кўра, Қўшма Штатлар кўплаб ҳаво, денгиз ва ракета ҳужумларида ушбу беш давлатнинг сувлари, ҳудуди ва ҳаво ҳудудидан, жумладан, ҳарбий объектлардан ташқарида жойлашган базалардан ҳам фойдаланган.

Бунга жавобан Эрон урушнинг дастлабки кунлариданоқ ушбу мамлакатлар ҳудудидаги ҳарбий объектларга оммавий зарбалар берди. БААдаги Ал-Дафра, Қатардаги Ал-Удейд базалари, Баҳрайндаги АҚШ Бешинчи флоти штаб-квартираси, шунингдек, Қувайт ва Саудия Арабистонидаги ҳарбий объектлар ҳужумга учради. Ғарб ОАВ маълумотларига кўра, ўққа тутишлар оқибатида минтақадаги камида 13 та Америка базаси шикастланган, CENTCOM қўмондонлиги эса шахсий таркибни бошқа жойга кўчиришга мажбур бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Форс кўрфази

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг