47 яшар Оксана Чусовитина Жаҳон кубогини қўлга киритди
Спорт
−
02 Апрель 2022
12900Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогида ғолиб бўлди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Шу кунларда Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубоги босқичи бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этаётган ҳамюртимиз, гимнастика афсонаси Оксана Чусовитина яна бир карра дунё аҳлини ҳайратга солиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, яқинда 47 ёшга қадам қўядиган Чусовитина таяниб сакраш машқи бўйича ўтказилган финал баҳсларида 13,266 балл билан 1-ўринни эгаллаган. Кейинги ўринларни мос равишда Венгрия вакиласи Мария Ксенже Бакскай ҳамда словениялик Теша Белак қўлга киритган.
“Жами тўрт босқичдан иборат бўлган ушбу мусобақанинг учта босқичида қатнашиб, уларда иккита олтин ва битта кумуш медалга сазовор бўлган Ўзбекистон спорт гимнастикаси фахри бўлган Оксана таяниб сакраш йўналишида Жаҳон кубоги соҳибасига айланди. Таъкидлаш жоиз, ушбу йўналишда ҳамюртимизга тенг келадиган рақиб топилмади. Бундан ташқари Чусовитина қимматли рейтинг очколарини ҳам қўлга киритди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Оксана Чусовитина 1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016 ва 2021 йилларда ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган. У 1992 йили жамоавий баҳсда Олимпия чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Европа чемпиони, Осиё ўйинлари чемпиони бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Оксана Чусовитина Токио Олимпиадасидаги иштирокидан сўнг спортдан кетганини эълон қилганди. 2021 йилнинг октябрь ойига келиб, у яна спортдаги карьерасини давом эттирмоқчилигини билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь