42 та давлат Россияни қўшинларини ЗАЭСдан чиқаришга чақирди

Олам

image

Дунёнинг 42 давлати Россияни зудлик билан қўшинларини оккупация қилинган Запорожье атом электр станциясидан олиб чиқишга чақирди.

Қўшма баёнотда қайд этилишича, Россия ҳарбий хизматчилари ва қурол-аслаҳаларининг атом электр станциясига жойлаштирилиши мумкин эмас. Бу Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг (МАГАТЭ) барча аъзолари ҳурмат қилиш мажбуриятини олган хавфсизлик қоидалари ва тамойилларига эътиборсизликдир.

“Биз Россия Федерациясини Запорожье атом электр станциясидан, унинг атрофидан ва бутун Украинадан ҳарбий кучлари ва бошқа рухсатсиз ходимларини зудлик билан олиб чиқиб кетишга чақирамиз, шунда оператор ва Украина ҳукумати халқаро тан олинган чегаралар доирасида ўзларининг суверен мажбуриятларини яна бир бор бажара оладилар. Бу шунингдек, МАГАТЭга [АЭСни] текширишни Украина мажбуриятларига мувофиқ ўз вақтида ва хавфсиз тарзда амалга оширишга имкон беради”, дейилади баёнотда.

Бу баёнот АҚШ, Буюк Британия, Норвегия, Австралия, Япония, Янги Зеландия ва бошқа ўнлаб давлатлар ҳамда Европа Иттифоқи номидан қилинган.

Россия март ойи бошида ЗАЭСни эгаллаб олди, шундан кейин украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Натижада камида бир ходим жароҳатланган. Бундан ташқари, РФ Қуролли Кучлари станцияни миналагани ҳақида далиллар мавжуд.

Украина Президенти Владимир Зеленский Запорожье атом электр станцияси билан боғлиқ вазият туфайли Россия атом саноатига қарши санкциялар қўллашга чақирди. 

“Бу фақат хавфсизлик масаласи. Бошқа давлатлар учун ядро таҳдидини яратган ҳар қандай киши, албатта, ядровий технологиядан хавфсиз фойдаланишга қодир эмас”, дейди у.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

261

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг