41 миллион одам хавф ёқасида – БМТ
Олам
−
05 Октябрь 2021
8623Бугунги кунда 41 миллиондан ортиқ одам очликдан азият чекмоқда. Шошилинч чоралар кўрилмаса, улар ўлади ва оч одамлар сони қор уюмидек кўпаяди. Бу кеча, 4 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувнинг лейтмотивидир.
Қайд этилишича, ҳозирги шароитда дунёнинг 43 мамлакатида яшовчи 41 миллиондан ортиқ одам очлик ёқасида турибди. Эфиопия, Мадагаскар, Жанубий Судан ва Яманда 584 минг киши эса аллақачон очлик шароитида яшамоқда. Уларнинг кўп қисми – аёллар ва болалар.
Афғонистон, Венесуэла, Гаити, Гондурас, Конго Демократик Республикаси, Эфиопия, Зимбабве, Марказий Африка Республикаси, Сурия, Судан ва Угандада ҳалокатли вазият юзага келган.
Мутахассислар дунёдаги очликнинг ҳозирги ҳолатини сўнгги бир неча ўн йилликдаги энг ёмон аҳвол деб аташган. Улар дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги озиқ-овқат билан боғлиқ ҳолат яқин келажакда ёмонлашиб кетишидан хавотирда.
“Очликдан ўлиши мумкин бўлган одамлар сони 135 миллиондан 270 миллионгача ошди. Бу бутун дунёда кўплаб муаммоларни келтириб чиқарадиган ўта жиддий вазият. Тахминан 43 мамлакатда 41 миллион одам озиқ-овқат танқислигининг тўртинчи босқичида яшамоқда. Бу шуни англатадики, очлик аллақачон уларнинг остонасида эшик тақиллатмоқда”, дейди Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари Дэвид Бисли.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай ҳолат бир неча омиллар сабабли келиб чиққан: низолар, COVID-19 пандемияси, об-ҳаво ва иқлимнинг кескин ўзгариши, трансчегаравий зараркунандалар.
Маълум қилинишича, ушбу офатларнинг барчаси, иқтисодий танглик ва озиқ-овқат маҳсулотларининг бутун жаҳонда нархлари ошиши билан бирга, кўплаб оилалар овқатланиш рационини камайтиришига мажбур қилади ва ҳатто, очликдан ўлишига сабаб бўлади. Айниқса, экинларини йўқ қиладиган чўл чигирткаларига дош беролмайдиган Шарқий Африка халқига қийин бўлади.
“Бугун биз озиқ-овқат инқирозига дуч келяпмиз. Чарчоқ ва очликдан ўлиш ҳақиқатга айланиб улгурди”, дейди Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг бош директори Цюй Дунъюй БМТнинг юқори даражали тадбирида.
Шунингдек, у барчани очликка қарши кампанияга қўшилишга чақирган.
БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бюроси маълумотларига кўра, тўйиб овқатланмаслик даражаси 20 фоиздан ошганда, ҳар 10 минг одамнинг иккитадан кўпроғи ўлганида очлик ҳақида расмий хабар берилади.