400 дан ортиқ роҳинжа мусулмонлари кема билан чўкиб кетди – ОАВ

Олам

image

Жорий йилнинг 9-10 май кунлари Мьянма соҳиллари яқинида 2 та кема чўкиб кетди. Ушбу ҳодиса оқибатида 400 дан ортиқ роҳинжа мусулмонлари ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига таяниб, “Al Jazeera” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Мьянманинг мусулмон озчилиги бўлган камида 427 нафар роҳинжа 9-10 май кунлари содир бўлган 2 кеманинг чўкиб кетиши оқибатида денгизда ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Бу эса мазлум халқ учун навбатдаги фожиали ҳодисадир.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг кеча, 23 май куни берган баёнотига кўра, агар ушбу маълумотлар тасдиқланса, бу ҳодиса шу йилдаги роҳинжалик қочқинлар билан боғлиқ энг йирик денгиз ҳалокати бўлиши мумкин.

“БМТ Қочқинлар агентлиги жорий ой бошида Мьянма соҳилларида юз берган икки кеманинг ҳалокати ҳақида келиб тушган хабарлар бўйича чуқур хавотир билдиради”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, кемаларнинг чўкиши билан боғлиқ аниқ ҳолатлар ҳали ҳам ўрганилаётганини айтиб ўтилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 9 май куни 267 кишини олиб кетаётган 1-кема чўккан, фақат 66 киши тирик қолган. 10 май куни эса 247 нафар роҳинжалик бўлган 2-кема ағдарилиб кетган ва фақат 21 киши омон қолган.

“Кемаларда бўлган роҳинжаликлар Бангладешдаги улкан Cox’s Bazar қочқинлар лагерларидан ёки Мьянманинг ғарбий Рахайн штатидан қочаётган бўлган”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Мьянмада ўнлаб йиллардан бери таъқиб қилинаётган роҳинжалар ҳар йили минглаб сонларда ўз юртидаги зулм ва фуқаролар урушидан қочиб, кўпинча яроқсиз кемаларда жон сақлаб кетишга уринади.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди ўзининг Х ижтимоий тармоғида берган баёнотида бу икки фожиа “роҳинжаларнинг нақадар умидсиз аҳволда” эканини ва Бангладешдаги қочқинларнинг гуманитар ёрдам тобора камайиб бораётган бир шароитда қандай қийинчиликларга дуч келаётганини яна бир бор эслатишини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасининг шимоли-ғарбида жойлашган ҳудудда бортида қарийб 500 киши бўлган кемада ёнғин чиқиши оқибатида камида 148 киши ҳалок бўлиб, яна 100 дан ортиқ одам бедарак йўқолганди.

Жалолиддин Раҳмонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

БМТ кема Мьянма роҳинжа мусулмонлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг