4 000 000. Коронавирус яна бир “чўққини забт этди”

Олам

image

Дунёда коронавирусга чалинганлар сони янги маррани забт этди. Бугун, 9 май ҳолатига COVID-19 билан касалланганлар 4 015 107 нафарга етди.

Вируснинг тарқалиши бўйича дастлабки ўнликка АҚШ (1 322 163 нафар), Испания (260 117), Италия (217 185), Буюк Британия (211 364), Россия (198 676), Франция (176 079), Германия (170 588), Бразилия (146 894), Туркия (135 569) ва Эрон (104 691) кирган.

Бугунгача ушбу инфекцияга чалинган беморларнинг 276 268 нафари вафот этган. Қурбонлар сони бўйича АҚШ (78 616 нафар қурбон), Буюк Британия (31241), Италия (30 201), Испания (26 299), Франция (26 230), Бразилия (10 017), Бельгия (8521), Германия (7510), Эрон (6541) ва Нидерландия (5359) етакчилик қиляпти.

Жами беморларнинг 1 387 478 нафар соғайган. Беморларнинг соғайиши бўйича етакчи давлатлар қаторига АҚШ (223 749 нафар соғайган), Испания (168 408), Германия (143 300), Италия (99 023), Туркия (86 396), Эрон (83 837), Хитой (78 046), Бразилия (59 297), Франция (55 782) ва Канада (30 406) кирган.

Айни вақтда 2 302 650 киши коронавирусдан даволаняпти. Уларнинг 48 711 нафари ёки 2 фоизи оғир аҳволда қоляпти.

Коронавирус беморлари кўпайиб бораётганига қарамай, Европада карантин чоралари юмшатила бошланди. Аммо одатий турмуш тарзига қайтишга ҳали вақт бор.

Италияда узоқ танаффусдан кейин кафе, бар ва ресторанлар очилди. Аммо ҳозирча уларга кам одам келяпти. Чунки италияда сайёҳлар қолмаган ва яқин орада уларнинг мамлакатга киришига рухсат берилмаса керак.

Францияда изоляция режими 11 май куни бекор бўлади. Шаҳарда бунга тайёргарлик кетяпти. Ҳамма жой дезинфекция қилиняпти.

Испанияда одамларга кўчага чиқиб сайр қилишга рухсат берилди. Аммо Қироллик соғлиқни сақлаш вазирлиги кўчаларда одамлар тўпланмаслиги учун ким қайси вақтда нима қилиши мумкинлигини белгилаб берди.

Европа шаҳарларида масофани сақлашга қатъий риоя қилиняпти. Деярли барча шаҳарларда узун навбатларни кўриш мумкин.

Туркия ҳам карантин чораларини юмшатишни бошлаяпти. Мамлакатда 65 ёшдан катталар ва 20 ёшдан кичикларга кўчага чиқишга рухсат бериляпти.

Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам коронавирус инфекцияси жиловланди. Ҳозирда мамлакатда эпидемиологик вазият анча барқарорлашди. Ҳудудлар тоифаларга ажратилиб, карантин чораларини юмшатиш бошланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозиргача 2336 кишида коронавирус аниқланган. Бугунгача беморларнинг 1775 нафари соғайган ва 10 нафари вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

коронавирус пандемия

Баҳолаганлар

232

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг