350 триллионлик қонун “ура-ура”лар ва қарсакбозлик билан тасдиқланди. Кушербоев ва Ғаниев қаерда?

Жамият

image

Бугун, 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “2023 йил учун давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг навбатдаги муҳокамаси бўлиб ўтди.

Бироқ, депутатлар, бюджет бу барча фуқароларнинг тақдирига оид бўлган энг катта ҳужжат эканини унутиб қўйди шекилли, мажлисда кўпроқ мамлакат бюджети, қонундаги моддалар ҳақида эмас, асосан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 20 декабрь кунги Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномаси ҳақида гап кетди.

Шунингдек, давлат бюджети тақсимоти масаласида йиғилганлар депутатлардан бирини туғилган куни билан ҳамда энергетика вазирлиги вакилларини энергетиклар куни билан табриклашга ҳам улгурди.

Давлат бюджети қонунининг 1-ўқишида турли эътирозларга сабаб бўлган масалалар бўйича эса ҳеч қандай изоҳ берилмади.

Масалан, қонуннинг биринчи ўқиш муҳокамаларида ЎзЛиДЕП депутати Дониёр Ғаниев ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ўртасида тортишув юзага келган эди. Унда Ғаниев UzAutoMotors'га автомобиль экспорт қилинган мамлакатлардаги тарифлар бўйича ҳисобланган утилизация йиғимларини қоплаб бериш учун қўшимча 225 млрд сўм ажратилаётганига эътироз билдирганди.

“Бошқа соҳалардаги харажатларни қисқартираётган пайтимизда, тўғридан тўғри монопол корхонанининг хориждаги мижози сотиб оладиган машинаси нархининг арзон бўлиши учун 225 млрд яна қўшимча субсидия беришимиз қанчалик мантиққа тўғри келади?” дея ўшанда Молия вазири Тимур Ишметовга юзланганди Ғаниев.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов эса депутат масалани нотўғри тушунаётганини айтиб, уни ёлғончига ҳам чиқарганди. Бир неча дақиқалик тортишувдан кейин эса охири бу бўйича (Норқулов) навбатдаги учрашувда қўшимча маълумот беришни ваъда қилиб, тортишувга якун ясаганди.

Қизиғи, ўшанда бюджет тақсимотидаги бу ҳолатга депутат Расул Кушербоев ва Дониёр Ғаниевдан бошқа ҳеч бир депутат эътироз билдира олмади.

Бугун, 22 декабрь кунги мажлисда эса Дониёр Ғаниев ҳам, Кушербоев ҳам кўриниш бермади.

Шу тариқа, Президент мурожаатномаси ҳақидаги фикрлар билан бир ярим соат давом этган 2023 йил учун 348 триллионлик “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун 121 нафар депутатлар томонидан бир овозда маъқулланди.

Эътироз билдирувчи ёки бетараф қолган депутатлар эса бўлмади. 1 нафар депутат эса овоз бермади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1607

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made