2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш 175 тоннага етказилади (видео)
Жамият
−
26 Декабрь 955 1 дақиқа
Ўзбекистонда 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаётган мурожаатномасида маълум қилди.
Мирзиёевга кўра, янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича саноатни ривожлантириш дастури бошланади.
Бу жараёнда келгуси беш йилда саноатда қўшилган қийматни ҳозирги 36,5 миллиард доллардан камида 60 миллиард долларга етказиш, юқори ва ўртадан юқори технологияли тармоқлардаги маҳсулотлар ҳажмини 2,5 баробар ошириш марра сифатида белгиланади.
Бунга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2026 йилда 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилади. Келгуси йилнинг ўзида 14 миллиард долларлик 228 та янги йирик қувватлар ишга туширилади.
Масалан, Навоийдаги олтин конларида маъдан қазиб олиш бўйича 320 миллион долларлик лойиҳа ишга туширилиб, қўшимча 2 миллион тонна маъдан қайта ишланади. Шунингдек, “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи ҳамда кумуш конлари бўйича 2 миллиард 300 миллион долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилади.
Натижада йилига 18 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қуввати барпо этилиб, 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилда асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилиши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси