2030 йилга бориб Ўзбекистонда “яшил” энергия улуши 50 фоиздан оширилади

Жамият

image

Ўзбекистонда 2030 йилда 117 миллиард киловатт соат, 2035 йилда эса 135 миллиард киловатт соат электр энергияси талаб этилади. Яъни ҳозиргидан 1,7 баравар кўп. Бу ҳақда бугун, 28 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган электр энергетикасини 2025-2035 йилларда ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда маълум қилинди .

Билдирилишича, охирги саккиз йилда электр ишлаб чиқариш 38 фоизга ошиб, 81,5 миллиард киловатт соатга етган. Хусусий секторга кенг йўл очилгани туфайли 11,2 гигаваттли қўшимча қувват яратилган. Натижада бу секторнинг генерациядаги улуши 24 фоизга, “яшил” энергия ҳиссаси эса 16 фоизга етган. Шу даврда аҳоли даромади 1,6 баравар ўсгани, янги турдаги маиший техникалардан фойдаланилаётгани сабабли хонадонларда электр истеъмоли 21 миллиард киловатт соатдан ошди. Бу 2016 йилгидан 2 баравар кўп.

2030 йилга бориб, мамлакат аҳолиси 41 миллионга етиши, иқтисодиётимиз эса 1,5 карра ўсиши кутиляпти. Шунга мутаносиб равишда, саноатда 45 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш, хизматлар ҳажмини 3 баравар ошириш, йирик Маълумотлар марказларини ишга тушириш кўзда тутилган.

Бунинг учун, аввало, барқарор электр таъминоти зарур. Ҳисоб-китобга кўра, 2030 йилда 117 миллиард киловатт соат, 2035 йилда эса 135 миллиард киловатт соат электр энергияси талаб этилади. Яъни, ҳозиргидан 1,7 баравар кўп.

Йиғилишда энергетика вазири шу мақсадга қаратилган узоқ муддатли дастурни тақдимот қилди.

"Қайд этилганидек, янги электр станциялари ва энергия сақлаш қувватлари барпо этилади. Уларни тизимга улаш учун 7 минг километр магистраль тармоқ қурилиб, рақамлаштирилган бошқарув жорий қилинади. Бу орқали ҳудудларда энергия баланси таъминланади. Бир вилоятда электр етишмовчилиги бўлса, бошқа жойда қўшимча қувватлар ишга туширилади. Бу ишлар учун келгуси беш йилда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”га 4 миллиард долларлик инвестиция киритиш талаб этилади", дейилади хабарда.

Яна бир муҳим масала – электр энергиясининг таннархини пасайтириш. Бунинг омили муқобил манбаларни кўпайтиришдир. Хорижий экспертлар ҳам Ўзбекистон шароитида “яшил” энергия имкониятлари кўплигини айтяпти. Шундан келиб чиқиб, 2030 йилга бориб жами генерацияда “яшил” энергия улушини 50 фоиздан ошириш кўзда тутилган. Жумладан, 3 мингта микро ГЭСда 164 мегаватт, қуёш ва шамол қурилмалари ҳисобига 750 мегаватт қувватларни ишга тушириш режалаштирилган.

Куни кеча давлат раҳбари ресурс тежамкор иқтисодиёт моделига ўтиш вақти келганини таъкидлади. Хусусан, саноатда энергия самарадорлик орқали қўшимча 27 фоиз ялпи ички маҳсулот яратиш имконияти бор. Ҳозир кимё ва металлургия бўйича айрим маҳаллий корхоналарда энергия сарфи дунёдаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 2 карра, цемент ишлаб чиқаришда эса 1,2 баробар юқори. Шу боис, ҳар бир тармоқ кесимида энергияни 10-15 фоиз иқтисод қилиш, 2030 йилда электр энергияси йўқотишларини ҳозирги 14 фоиздан 8-9 фоизгача тушириш вазифа қилиб олинмоқда.

"Хорижий инвесторлар билан яна 26 миллиард долларлик 24 гигаваттли лойиҳалар бўйича ишлар бошланган. Уларга кўп миқдорда ускуна ва қурилиш материаллари ишлатилади. Бу юртимиз корхоналари учун катта имконият экани, лойиҳаларда маҳаллийлаштириш ва кооперацияни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди", дейилади хабарда. 

Шунингдек, истеъмолчиларга барқарор ва узлуксиз электр етказиб бериш, соҳада кадрлар тайёрлашни ривожлантириш бўйича вазифалар белгиланди. Мутасаддиларга буларнинг ҳаммасини инобатга олиб, электр энергетикаси соҳасини 2035 йилгача ривожлантириш дастурини тайёрлаш топширилди.


Мақола муаллифи

Теглар

электр Ўзбекистон яшил энергия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг