2029 йилги қишки Осиё ўйинларига Саудия мезбонлик қилади
Спорт
−
04 Октябрь 2022
2817Саудия Арабистони 2029 йилги қишки Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Камбоджада бўлиб ўтган Осиё Олимпия Кенгаши Бош Ассамблеяси йиғилишида тегишли қарор қабул қилинган.
Ташкилот матбуот хизмати хабарига кўра, мусобақа "Neom" лойиҳаси доирасида қурилиши режалаштирилган тоғ курортида ўтказилади.
"Neom" Саудия ҳукумати томонидан молиялаштириладиган лойиҳадир. Унинг қиймати 500 миллиард долларни ташкил қилади. Лойиҳа сайтидаги маълумотларга кўра, курортда очиқ чанғи йўлаклари, чучук сувли сунъий кўл ва қўриқхона бўлади.
"Neom" Қизил денгиз соҳилидаги 26 500 квадрат километрли ҳудудни эгаллаган юқори технологияли комплекс лойиҳа ҳисобланади. Бу лойиҳа карбонатсиз “Тhe Line” шаҳрини, шунингдек, саноат ва логистика зоналарини ўз ичига олади.
“The Economist” журналининг 2022 йилдаги ҳисоботларига таяниладиган бўлса, ҳозиргача “Neom” лойиҳаси доирасида иккита бино қурилган. 26 500 квадрат километрлик ҳудуднинг катта қисми ҳамон чўллигича қолмоқда.
Маълумот учун, қишки Осиё ўйинларида 30 дан ортиқ давлат иштирок этиши кутилмоқда. Ўйинлар илк марта 1986 йилда ўтказилган. Охирги қишки Осиё ўйинларига 2017 йилда Япония мезбонлик қилган.
LiveБарчаси