2025 йилда 22 та техника университети ташкил қилинади
Жамият
−
18:18
2236Ўзбекистонда 35 та муассасани йириклаштириш ҳисобига 22 та техника университети ташкил қилинади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 22 январь куни олий таълим ва илм-фан соҳасидаги устувор вазифаларга оид тақдимот билан танишиш жараёнида маълум қилинди.
Шу йил охиригача яна 17 та муҳандислик мактаби очилади. Йиғилишда Нукус, Бухоро, Фарғона ва Наманган техника университетларини ташкил этиш лойиҳалари тақдимот қилинди. Унга кўра, янги йўналишлар очилиб, хорижий дастурлар татбиқ қилинади, талабаларнинг илмий-инновацион жараёнларда иштироки кенгайтирилади, олийгоҳларга саноат ҳамкорлари бириктирилади.
Тақдимотда мутасаддилар амалга ошириладиган ишлар ҳақида ахборот берди. Қайд этилишича, бу йил ҳам қатор муҳим вазифалар белгиланган. Хусусан, яна мингдан ортиқ таълим дастурлари топ-300 университет дастурлари асосида такомиллаштирилади. 45 та таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилади. Олийгоҳларда “Регистратор офиси” хизматлари билан талабалар тўлиқ қамраб олинади. Дуал таълимга яна 50 минг талаба жалб қилинади.
Олий таълимда илмий салоҳиятни 55 фоизга чиқариш, хорижда 5 минг нафар педагог малакасини ошириш режалаштирилган. Илғор муҳандислик мактабларини 25 тага етказиб, саноат корхоналари билан лойиҳалар қийматини 10 баробар ошириш мақсад қилинган.
Йиғилишда сўнгги йилларда олий ўқув юртларида илмий салоҳият 41 фоиздан 45 фоизга ошгани, лекин, аксарият илмий тадқиқотлар саноат ва ишлаб чиқаришдаги замонавий тенденцияларни қамраб олмаётгани айтилди. Шу боис докторантура квотасини тақсимлашда иқтисодиётнинг драйвер соҳаларига аҳамият қаратиш, илмий даража ва унвонлар олиш тартибини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Педагоглар касбий маҳоратини оширишни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди.