2023 йилда ҚҚС камайтирилиб, ер ва мулк солиқлари бирлаштирилади

Жамият 6036
image

Кеча, 16 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Давлат солиқ қўмитасида соҳани такомиллаштириш бўйича навбатдаги вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда 2026 йил бориб иқтисодиётга солиқ юкини 25 фоизгача камайтириш мақсад қилингани қайд этилди. Шунингдек, 2023 йилдан қўшилган қиймат солиғини 12 фоизгача тушириш, кейинчалик ер ва мулк солиқларини бирлаштириш мўлжалланган.

Йиғилиш аввалида мутасаддилар бажарилган ишлар тўғрисида ахборот берди.

1

Шавкат Мирзиёев солиқ идоралари фаолиятини яхшилаш, бунинг учун ахборот технологияларини кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади.

Бунинг натижасида жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилади, «яширин иқтисодиёт» ҳажмини камайтириш учун солиқ тўсиқлари бартараф этилади, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланади.

Президент дунёдаги тез ўзгарувчан, мураккаб вазиятда солиқ тушумлари барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорларга кўмак бериш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

"Мен бу ерга солиқ тўловчиларнинг вакили бўлиб келдим. Бизга ҳозир тушум ошиши асосийси эмас. Биринчи навбатда, тизимни тўғри қилиб, билмаганларга ўргатиб, солиқ юкини камайтириб, тадбиркорларнинг эмин-эркин, ҳалол ишлашини йўлга қўйишимиз керак. Солиқчилар жазоловчи эмас, кўмакчи бўлиши керак", деган Шавкат Мирзиёев.

Айтиб ўтилганидек, айрим ҳолларда тадбиркорлар янги дастур ва талабларни тушунмагани сабабли кўплаб саволлар ҳам пайдо бўлмоқда. Шунинг учун “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида уларга янгича ишлашни ўргатиш, электрон хизматлар қамровини ошириш зарурлиги таъкидланди. Солиқ қўмитасига барча ҳудудларда тадбиркорлар билан мулоқотлар ўтказиш, оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб бориш вазифаси қўйилди.

Солиқ тизими давлат корхоналарини трансформация қилишда фаол иштирок этиши, уларга таннархни пасайтириш ва молиявий барқарорлик бўйича йўл-йўриқ кўрсатиши кераклиги айтилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги қарорига мувофиқ, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилган эди. Президент Мирзиёев у ерда кадрлар тайёрлаш сифатига эътибор қаратди. Солиқ идоралари ходимларини тизимда жорий қилинаётган янги IT-дастурлар бўйича ўқитиш, шунингдек, хорижда мутахассислар малакасини ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Солиқ идораларини коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича топшириқлар берилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 100
Рейтинг: 3.1
t
×