2020 йилда жаҳон иқтисодиёти 3 фоизга қисқариши кутилмоқда – Халқаро валюта жамғармаси
Жамият
−
30 Апрель 2020
4126Жорий йил I чорагида Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш суръати ўтган йилдаги мос даврга нисбатан 1,6 фоизга секинлашиши кузатилган. Бундан ташқари, бу даврда ўтган йилгига нисбатан инвестициялар ўзлаштириш хажми ҳам сезиларли қисқарган. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Ўзбекистон иқтисодиётининг жорий ҳолати ва кутилаётган тенденциялар бўйича маълумотида келтириб ўтилмоқда.
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) нинг жорий йил биринчи ярмида базавий прогнозларига кўра, 2020 йилда жаҳон иқтисодиёти 3 фоизга қисқариши кутилмоқда. Бунда иқтисодий пасайиш ривожланган давлатларда 6,1 фоизни (шу жумладан, АҚШ -5,9 фоиз, Еврозона мамлакатлари -7,5 фоиз) ва ривожланаётган мамлакатларда - 1 фоизни, шунингдек, Россияда - 5,5 фоизни ва Қозоғистонда - 2,5 фоизни ташкил этиши, Ўзбекистонда эса 1,8 фоизлик иқтисодий ўсиш прогноз қилинмоқда.
2020 йилнинг I чорагида иқтисодий ўсиш суръати 4,1 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичига (5,7 фоиз) нисбатан 1,6 фоизга секинлашиши кузатилган.
2020 йилнинг I чорагида иқтисодиётга йўналтирилган инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 10,2 фоизга қисқариши кузатилган.
Ўз навбатида, амалга оширилган қурилиш ишларининг инвестициялар ҳажмига нисбати ўтган йилдаги мос кўрсаткич – 38,9 фоиздан 46,3 фоизгача ошди. Бу амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларни жорий даврдаги ЯИМ ошишига “соф таъсири” нисбатан ошганлигини изоҳлайди.
Чакана савдо айланмаси 40,1 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,8 фоизга ёки аҳоли жон бошига нисбатан эса 1,8 фоизга ўсди (2019 йилнинг мос даврида аҳоли жон бошига чакана савдо айланмаси ўсиши 4 фоизни ташкил этган).
Жорий йилнинг I чорагида иқтисодиётга ажратилган кредитлар ҳажми 29,7 трлн. сўмни ташкил этиб, ўсиш суръатларининг секинлашуви кузатилган.
Аҳолига ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 баробарга ошиб, жами кредитларнинг қарийб тўртдан бир қисмини ташкил этган. Кўрилаётган даврда, банклар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида 22,7 трлн. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 трлн.сўм кўп кредит маблағлари ажратилган.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг январь-февраль ойларида пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,6 фоизга ошган бўлса, март ойида 23 фоизга камайиб, натижада I чоракда пул ўтказмалари ҳажмининг 2 фоизга ўсиши кузатилган. 2020 йилнинг I чорагида республиканинг ташқи савдо айланмаси 8,1 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 924,0 млн. долларга ёки 10,2 фоизга камайган. Шунингдек, ушбу чоракда импорт ҳажми 4,8 млрд. долларни ташкил қилиб солиштирилаётган даврга нисбатан 9,7 фоизга қисқарган.