2020 йилда радарлар неча миллиардлик қоидабузарликни қайд этгани маълум бўлди

Жамият 7146
image

Кеча, 30 июнь Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда масъул вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирокида автотранспорт воситаларини бошқаришда йўлларда белгиланган тезликка риоя этилишини радарлар, шунингдек, стационар ва кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда назорат қилиниши бўйича ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, 2018-2020 йиллар давомида фото ва видео махсус воситалари орқали аниқланган йўл ҳаракати қоидабузарликлари ва уларга нисбатан белгиланган жарималар 2018 йил давомида фото ва видео махсус воситалар орқали 621 355 та қоидабузарликлар бўйича 208,4 млрд. сўмлик жарималар белгиланган бўлса, 2019 йилда 1 227 844 та ҳолатда 481,8 млрд. сўмлик, 2020 йилда эса 1 763 691 та ҳолатда 724.6 млрд. сўмлик жарималар қўлланилган. Бу 2018 йилга нисбатан аҳоли томонидан тўланган жарима суммаси миқдори 28,3 фоизга ошган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди тақдим этган маълумотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши махсус автоматлаштирилган фото ва видео техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун расмийлаштирилган маъмурий қарорлардан норози бўлиб судга шикоят қилиш ҳолатлари ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда.

Эътиборли жиҳати, мурожаат қилганларнинг аксариятини шикояти суд томонидан қаноатлантирилган. Хусусан, 2020 йил давомида 19 134 та шу соҳа бўйича судларда кўрилган ишларнинг 89,2 фоизи, яъни 17 073 таси қаноатлантирилган бўлса, 5 778 та иш бўйича ишни юритишни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган. 2021 йилнинг 1-чорагида 3 481 та кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлардан 2 612 таси ёхуд 75 фоиз ишлар қаноатлантирилган.

Тадбирда қайд этилганидек, қонунчиликка биноан йўлларда автомобиль ҳайдовчилари белгиланган тезликка риоя этиши радарлар ёрдамида назорат қилинаётганлигини билдирувчи йўл белгиси ҳаракатланиш тезлиги назоратга олинган барча жойларга ўрнатилиши шарт. Стационар махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда доимий йўл белгиларини, кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда эса кўчма устунга вақтинчалик йўл белгиларини ўрнатиш белгиланган. Аммо, депутатлар амалда бу тартибга ҳар доим ҳам амал қилинмаётганини таъкидлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 97
Рейтинг: 3
Теглар
t
×