2020 йил маблағини ҳам, шароитини ҳам яратамиз – Президент
Жамият
−
01 Февраль 2020
8284Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 31 январь куни пойтахтнинг Олимлар кўчасидаги илмий-тадқиқот институтларига ташриф буюриб, янги Геология фанлари университетининг тамал тошини қўйгани ҳақида хабар берган эдик.
Президентнинг қайд этишича, янги университетнинг ўқув бинолари жорий йилнинг 1 сентябрига қадар, илмий тадқиқот институти, лаборатория ва ётоқхоналар эса 2021 йилнинг 1 январигача битказилади. Бу ҳақда Президент Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида олимлар, ёш тадқиқотчилар, ишлаб чиқариш вакиллари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари билан ўтган учрашувда маълум қилди.
“Қандай оғир бўлмасин, маблағини ҳам ҳал қилиб эртадан қурилишни бошлаймиз. Бугун қарор қабул қилишдан мақсадим умумий қоғоздаги қарор бўлмаслиги учун ҳар бир йўналиш бўйича сизларнинг фикрларингиз, ниятларингиз шу қарорда ифода этилиши керак. Тадқиқотчиларимиз бор. Сизларни нима қийнаяпти? Яна нима яратиб бериш керак? Илм бўйича 2020 йил маблағини ҳам, шароитини ҳам яратамиз. Ва талабаларимиз, ёш тадқиқотчиларимизга қандай шароит яратишимиз керак? Бугун менинг мақсадим шу”, дейди Президент.
Давлат раҳбари сўзида давом этаркан, соҳа учун ёш ва тажрибали мутахассислар зарурлиги, уларни керак бўлса, хорижда ўқитиб келишга давлат маблағи ажратилишини таъкидлади. Уларга қўйиладиган талабларни ҳам очиқлади.
“Керак бўлса бу йил ҳар бир соҳа бўйича кимё, биология, геология, математика бўйича 50 тадан алоҳида мутахассис – ёш олим бўладими, талаба бўладими, домла бўладими сизлар маъқул кўрсангиз, мен маблағини топиб бераман. Мен бугун имзо қўйишга тайёрман четга бориб, ўқитиб келишга. Лекин ватанпарварни берасизлар. Бугунги Ўзбекистонни яхши қиламан деган ватанпарвар, тадқиқотчи, докторант, ёш илм ўрганаётганларни берасизлар. Аттестация қиласизлар. Тарихимизни биладими, тилимизни биладими, болаларимизни биладими..?”