2019 йилда ўзбекистонликлар қанча пулни нақдлаштиргани маълум бўлди

Жамият

image

2019 йилда банк кассалари орқали ўртача ойлик нақд пул айланмаси 23,9 трлн сўмни ва йил бўйича жами 287,1 трлн сўмни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 3,4 баробарга ва 2018 йилга нисбатан 1,7 баробарга кўпайди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

Бунда муомалага чиқарилган пулларнинг қайтувчанлик коэффициенти 2017 йилда – 86,6 фоизни, 2018 йилда – 96,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда ушбу кўрсаткич 98,7 фоизгача кўтарилди.

Хусусан, 2019 йилда банклар орқали олинган нақд пуллар ҳажми 68,4 фоизга кўпайган бўлса, келиб тушган нақд пул маблағлари ҳажми 71,6 фоизга ошди.

Натижада муомаладаги нақд пуллар миқдорининг ўсиши 2019 йилда 9,4 фоизни ташкил этиб, 2018 йил (14 фоиз) ва 2017 йилларга (47,2 фоиз)га нисбатан секинлашди.

2017 йилда ойлик банк тушумларининг муомаладаги нақд пулларга нисбати 18,6 фоиз бўлган бўлса, ушбу кўрсаткич 2018 йилда 31,7 фоизга ва 2019 йилда 46,6 фоизга (жумладан, декабрь ойида 60,4 фоизга) етди.

Мазкур тенденция нақдсиз ҳисоб-китобларнинг янги инструментлари ва механизмларининг жорий этиб борилиши, валюта бозорининг тобора эркинлашуви ва банкоматлар тармоғининг кенгайиши билан боғлиқ ўзгаришлар орқали изоҳланади.

Аҳоли ва хўжалик субъектлари томонидан банклардан нақд пулларни олиш жараёнларининг эркинлаштириб борилиши ушбу маблағларни чиқим қилиш мақсадлари таркибидаги ўзгаришларда ҳам ўз аксини топди.

2017 йилда нақд пулга талаб асосан пенсия, нафақа (33,1 фоиз) ва иш ҳақи (33 фоиз) тўловлари ҳисобига шаклланган бўлса, 2019 йилга келиб нақд маблағлар асосан банк карталаридан нақдлаштириш ва жисмоний шахслардан чет эл валютасини сотиб олиш операциялари салмоқли улушларга эга бўлди.

Жумладан, хорижий валютани сотиб олиш учун нақд пул чиқимлари улуши 2019 йилда 2017 йилга нисбатан 7,9 фоизли бандга ошиб, 22,8 фоизга, банк карталаридан ечилган нақд пуллар улуши эса 18,5 фоизли бандга ошиб, 25,3 фоизга етди.

Банк карталаридан нақд пуллар ечиш

2019 йилда банк карталарига келиб тушган 112,7 трлн сўмлик маблағларнинг нақдлаштирилган қисми 36,6 трлн сўм ёки 32,4 фоизни ташкил этиб, 2017 (6,1 фоиз) ва 2018 йилга (17,4 фоиз) нисбатан сезиларли даражада ошди.

2019 йилда банк карталаридан ечиб олинаётган нақд пулларнинг асосий қисми, 68,6 фоизи (2017 йилда – 3,1 фоизи, 2018 йилда – 40,0 фоизи) банкоматлар ҳиссасига тўғри келди.

Банк карталари орқали амалга оширилган тўловлар

2019 йилда банк карталари орқали ҳисоб-китоблар ҳажмининг ўсиш суръати 11,7 фоизни ташкил этиб, нақд пулдаги тўловлар ҳажмининг ўсиш суръатларига (71,6 фоиз) нисбатан паст бўлди.

Натижада аҳоли томонидан товар ва хизматлар хариди учун амалга оширилган тўловлар таркибида банк карталари орқали ҳисоб-китоблар улуши 2019 йилда олдинги йилга (53,1 фоиз) нисбатан камайиб, 43,2 фоизни ташкил этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк нақд пул банкомат

Баҳолаганлар

33

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг