2011 ва 2018 йиллардаги портлаш: Россияда аҳоли даъволари рад этилди
Олам
−
27 Декабрь 2021
4901Удмуртия Республикаси (Россия Федерацияси таркибидаги Республика) Олий суди Пугачёв қишлоғи аҳолисини 2011 ва 2018 йилларда Мудофаа вазирлиги арсеналидаги ўқ-дорилар портлаши оқибатида етказилган маънавий зарар учун товон тўлашдан бош тортди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар берган.
Таъкидланишича, ариза берувчилар рад жавоби устидан Россия Олий судига шикоят қилишлари учун уч ой бор.
2018 йилдан бери саккиз киши, жумладан, уч нафар бола ҳарбийлар устидан судга мурожаат қилган. Улар 2011 йилнинг 2 дан 3 июнига ўтар кечаси ва 2018 йилнинг 16 майига ўтар кечаси содир бўлган портлаш ва ёнғинлар оқибатида юзага келган психологик ва маънавий зарар ҳамда стресс учун 300 мингдан 1,5 миллион рублгача товон пули талаб қилган.
2020 йил ноябрь ойида Малопургинск суди уларнинг даъволарини рад этиб, улар зарар кўрганлигини исботлай олмаганини маълум қилган.
Кейинчалик, Удмуртия Олий суди даъвогарларнинг шикоятларини қисман қаноатлантирган ва уларга 50-80 минг рубль миқдорида товон тўлаш ҳақида қарор чиқарган. Ушбу қарорга Мудофаа вазирлиги томонидан олтинчи умумий юрисдикция кассация судида эътироз билдирилган. Ушбу суд тўлов топшириғини бекор қилган ва ишни кўриб чиқиш учун қайтариб юборган.
2021 йил ноябрь ойида Удмуртия Олий суди компенсация тўлашдан бош тортиш қонуний ва асосли деган хулосага келган.
Маълумот ўрнида, 2011 йил ёзида Пугачёвдаги арсеналда содир бўлган ёнғин ва портлашлар арсеналдан 10 км радиусда жойлашган 12 аҳоли пунктидаги биноларга зарар етказган. 2018 йилдаги янги портлашлар ҳам ёнғинга сабаб бўлган. 2021 йил июнь ойи бошида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Пугачёвдаги собиқ арсенал ҳудуди 70 фоиздан кўпроқ тозалангани ҳақида хабар берган.
LiveБарчаси