20 га яқин шифокор коронавирусни юқтириб олди

Жамият 34420
image

Аввалига Хитойда тарқалган коронавирус айни вақтда бутун дунёга хавф солмоқда. Жумладан, Ўзбекистонга ҳам. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги аллақачон керакли чораларни кўрган. Айни вақтда Ўзбекистонда бу касалликка чалинганлар мавжуд эмас. Бу ҳақда бугун, 23 январь куни ўтган Матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар бермоқда QALAMPIR.UZ мухбири Баҳодир Аҳмедов. 

Матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги мутасаддилари иштирок этган. 

Анжуманда, аввало, Хитой Халқ Республикаси Ухан шаҳрида юзага келган коронавируснинг янги типи эпидемияси юзасидан батафсил маълумот берилган. Бугун, 23 январь тонгги ҳолатидаги маълумотларга кўра, Хитойда 571 ҳолатда коронавирус касаллиги аниқланган. Ушбу хасталикдан 17 нафар инсон вафот этган. Шунингдек, касаллик Таиланд, Япония ва Жанубий Корея каби давлатларда аниқланган. Ухан шаҳрида ўтказилган эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра, айрим касалланган беморлар маҳаллий денгиз маҳсулотлари савдо бозорларида ишлаганлиги маълум бўлган. 

"Беморларнинг кўпчилиги тана ҳароратининг юқорилиги ҳамда нафас олишининг қийинлашишидан шикоят қилган. Кўкрак қафасининг рентгенография хулосасига кўра, айрим ҳолатларда беморларнинг ўпкалари шикастланган. Коронавирус инфекциясининг асосан ҳайвонлардан  юқиши тахмин қилинган эди. Бугунги кунда эса ушбу касалликнинг одамдан одамга юқиши маълум бўлган ва 20 нафарга яқин тиббиёт ходими ҳам мазкур хасталикни юқтириб олган", дейилади ССВ томонидан тайёрланган ахборотномада.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2181
Рейтинг: 2.9
t
×