2 қават ёки 12 метрдан юқори уй қуриш бўйича ўрнатилаётган янги тартиб ҳақида тушунтириш берилди

Жамият

image

2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда икки қаватдан юқори бино ва иншоотлар, жумладан уй-жойлар қуриш ҳамда реконструкция қилиш объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳамда объектнинг Қурилиш вазирлиги қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари назоратида амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланди.

Жамоатчилик орасида кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ушбу янгилик бўйича Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов тушунтириш берди. 

“Ўзимиз яшайдиган 1-2 қаватли уй-жойлар якка тартибдаги турар жойларга киради. Ҳозирги кунда бу уй-жойларнинг кўплари ноқонунийга айланиб кетмоқда. Кўп қаватли уйларни қуришнинг шаҳарсозлик қоидалари бор. Бунга амал қилинмаяпти. Ҳар бир уйни қураётганда ёки лойиҳалаштираётганда, бизнинг сейсмик кўрсаткичимиз, иқлимимиз ҳисобга олиниб, лойиҳа давлат экспертизасидан ўтказилиши керак. Чунки одамларнинг хавфсизлиги биринчи навбатда туради. Ҳозир буларни қилмай туриб, худди якка тартибдаги уй қураётгандек, 4-5 қаватли уйни қуриб, кўп хонадонли уй сифатида сотиб юборишяпти. 

Агар ер якка тартибдаги уй-жойга ажратилган бўлса, бу ерга фақат якка тартибдаги уй-жойлар қурилади. Унинг қавати чекланмаган. Икки қаватгача ҳеч қандай муаммосиз қуриш мумкин. Лекин икки қаватдан юқори қурилса, бунинг учун лойиҳа қилинади ва экспертизадан ўтказилади. Икки қаватдан юқори бинонинг зилзилага бардошлилиги жудаям муҳим. У ерда жуда кўп талафот бўлиши мумкин. 

Лойиҳани экспертизадан ўтказиш имкони бор одамлар уйни икки қаватдан юқори қуради. Фармонда шулар ҳисобга олинган. Бу бюрократия ва коррупцияга олиб келмайди. Чунки, ҳозиргача кўп қаватли уйларнинг ҳаммаси лойиҳалаштирилади ва экспертизадан ўтказилади. Бундан буён якка тартибдаги уй-жойлар ҳам кўп қаватли қурилса, экспертизадан ўтказилади. Агар бош план бўйича ўша ҳудудда икки қаватдан юқори бўлган уй тушиши мумкин бўлса, рухсат берилади, аксинча ҳолатда эса, рухсат берилмайди. Чунки, ушбу уй қурилаётган ҳудуддаги бошқа аҳолининг уйига ҳам қуёш тушиши керак. Шунга ўхшаш бошқа омиллар бор. Лойиҳада ҳаммаси ҳисобга олинади. Бу аҳолимизга қулайлик яратади. 

Аҳолидан бизга жуда кўп мурожаатлар тушмоқда. “Қўшним уйини сотди, унинг ўрнига бир одам келиб, кўп қаватли уй қуриб юборди”, дейишади. Ҳолбуки, ўша жойга “дом” қуриш мумкин эмас. Бу ноқонуний ҳолат бўйича судга мурожаат қилиниб, суд унинг ҳужжатларини кўриб чиққунча, уй эгаси уни харидорларга сотиб юборяпти. 

Шуларни ҳисобга олиб, мамлакатимизда қурилиш-архитектура соҳасида тартиб ўрнатилиши кўзда тутилган. 

Фармонда ҳаммаси аниқ ёзилган: икки қават, 500 квадрат метрдан кўп ва 12 метрдан юқори бўлмаган биноларга лойиҳа экспертизаси талаб этилмайди. 12 қаватдан юқори бўлган ҳаммасига давлат экспертизаси тайинланади ва лойиҳалари кўриб чиқилади”, дейди Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов.

Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 мартдан бошлаб қуйидагилар:

•    уй қурувчилар – жисмоний ва юридик шахсларга, асосий фаолият тури сифатида қурилиш-монтаж ишларини амалга оширувчи ташкилотлар бундан мустасно, мустақил равишда (хўжалик усулида), қурилиш ташкилоти билан қурилиш пудрати шартномасини тузмасдан икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш;

•    аҳоли пунктлари ҳудудларининг функционал зоналарида жойлашган, бундай турдаги қурилиш учун мўлжалланмаган ер участкаларида кўп қаватли кўп квартирали уйларни қуриш;

•    лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказмасдан мавжуд бино ва иншоотларнинг, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойларнинг қаватлари сонини кўпайтириш (устки қават қуриш);

•    ўзгартирилган лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказмасдан қурилаётган бино ва иншоотларнинг қаватлари сонини (лойиҳа ҳужжатларини ўзгартириш йўли билан) кўпайтириш тақиқланади.

Лойиҳа ҳужжатлари бўйича ижобий эксперт хулосаси эксперт ташкилоти томонидан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги “Эксперт хулосаларининг ягона реестри”га киритилган тақдирда ҳақиқий деб тан олинади, давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган лойиҳа ҳужжатлари бўйича эксперт хулосалари бундан мустасно.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

133

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг