Икки қаватдан юқори уйлар инспекция назоратида қурилади

Жамият 9630
image

2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда икки қаватдан юқори бино ва иншоотлар, жумладан уй-жойлар қуриш ҳамда реконструкция қилиш объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳамда объектнинг Қурилиш вазирлиги қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари назоратида амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланди.

Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 мартдан бошлаб қуйидагилар:

•    уй қурувчилар – жисмоний ва юридик шахсларга, асосий фаолият тури сифатида қурилиш-монтаж ишларини амалга оширувчи ташкилотлар бундан мустасно, мустақил равишда (хўжалик усулида), қурилиш ташкилоти билан қурилиш пудрати шартномасини тузмасдан икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш;

•    аҳоли пунктлари ҳудудларининг функционал зоналарида жойлашган, бундай турдаги қурилиш учун мўлжалланмаган ер участкаларида кўп қаватли кўп квартирали уйларни қуриш;

•    лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказмасдан мавжуд бино ва иншоотларнинг, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойларнинг қаватлари сонини кўпайтириш (устки қават қуриш);

•    ўзгартирилган лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказмасдан қурилаётган бино ва иншоотларнинг қаватлари сонини (лойиҳа ҳужжатларини ўзгартириш йўли билан) кўпайтириш тақиқланади.

Лойиҳа ҳужжатлари бўйича ижобий эксперт хулосаси эксперт ташкилоти томонидан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги “Эксперт хулосаларининг ягона реестри”га киритилган тақдирда ҳақиқий деб тан олинади, давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган лойиҳа ҳужжатлари бўйича эксперт хулосалари бундан мустасно.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 159
Рейтинг: 3
Теглар
t
×